Винисиуснинг уйи ёнди

Спорт

image

Кеча, 9 октябрь куни Испания пойтахти Мадрид яқинидаги Алькобендас шаҳрининг Ла Моралеха тураржой ҳудудида жойлашган “Реал Мадрид” футболчиси Винисиус Жуниорнинг уйида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда AS нашри хабар берди.

Манбага кўра, ёнғин электр носозлиги сабабли футболчининг уй ертўласида жойлашган саунада бошланган. Сауна бутунлай ёниб кетган, тутун эса зинапоя орқали юқори қаватларга тарқалиб, уйнинг икки қаватига зарар етказган.

Воқеа вақтида Винисиус уйда бўлмаган. У Бразилия терма жамоаси сафида 10 ва 14 октябрь кунлари Жанубий Корея ҳамда Японияга қарши ўйинларга тайёргарлик кўраётган эди.

Фавқулодда ҳолатлар хизматига қўнғироқ маҳаллий вақт билан соат 11:00 атрофида келиб тушган. Ҳодиса жойига Мадрид ёнғин бригадасининг икки бўлинмаси етиб келиб, маҳаллий полиция билан биргаликда тезкорлик билан оловни назорат остига олган. Уларнинг мувофиқлаштирилган ҳаракатлари ёнғиннинг кенгроқ тарқалишига йўл қўймаган.

Тахминан бир соат ичида ёнғин тўлиқ ўчирилган ва бино вентиляция қилинган. Ҳеч ким жароҳат олмаган, тутундан заҳарланиш ҳолатлари ҳам қайд этилмаган.

Мутахассислар ҳозирда ёнғиннинг тўлиқ сабаблари ва моддий зарар миқдорини аниқлаш устида иш олиб бормоқда.

Маълумот учун, Винисиус жорий мавсумда “Реал Мадрид” билан 10 та учрашувда майдонга тушиб, 5 та гол ва 4 та ассистни ўз номига ёздириб қўйган.


Мақола муаллифи

Теглар

ёнғин Испания Реал Мадрид Винисиус Жуниор

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг