Вилоят ҳокимларига атроф-муҳитни ўрганиш университети техникумини очиш топширилди
Жамият
−
21 Октябрь
2520Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 21 октябрь куни ўз раислигидаги "Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши давомида вилоят ҳокимларига ҳар бир вилоятда 1 тадан Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети техникумини ташкил қилишни топширди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Президент Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети билан танишди. Унда экология, барқарор бошқарув, атроф-муҳит иқтисодиёти, экология ҳуқуқи, экологик инновация ва рақамлаштириш йўналишларида 500 нафар бакалавр ва магистр тайёрланади.
“Бу билан экология тизимига ҳам замонавий кадрлар тайёрлайдиган мустаҳкам замин яратилди”, дейилади хабарда.
Вилоят ҳокимларига ҳар бир вилоятда 1 тадан ушбу университет техникумини ташкил қилиш топширилди. Техникум атрофида илмий-амалий машғулотларни олиб бориш учун дендрология боғи ҳам ташкил қилинади.
Янги ўқув йилидан университетда дуал таълимни йўлга қўйиш, уруғчилик, кўчатчилик, иқлим ўзгариши бўйича қисқа курслар ташкил қилиб, ҳар йили 1 минг нафар ходимнинг малакасини ошириш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетида маиший чиқиндиларни қайта ишлаш, улардан электр энергияси ва маҳсулот ишлаб чиқариш лойиҳалари тақдимоти билан танишиш давомида заводлар мамлакатнинг ҳаёт-мамотини ҳал қиладиган масалалардан бири эканини айтган эди.