Бизда маълум кескинлик бор – Лукашенко Путин билан муносабатларидаги муаммоларни айтди
Олам
−
07 Август 2020
9712Россия Президенти Владимир Путин ва Беларусь Президенти Александр Лукашенко ўртасида зиддият юзага келган. Бу ҳақда беларуслар етакчиси украиналик журналист Дмитрий Гордонга берган интервьюсида айтиб ўтди.
“Бизда маълум кескинлик бор, чунки иккимиз ҳам кучли шахслармиз. Мен Владимир Владимировични ака деб ҳисоблайман. Аммо сен каттасан, биз эса кичикмиз қабилида эмас. Ҳақиқатан, у ҳам ёшда, ҳам вазнда катта. Аммо ака-укалар муносабатида, катта ака укасини доим қўллаб-қувватлаши керак деб ҳисоблайман. Мен кўпинча Путинга айтаман: “Катта ака ёрдам бериши, йўл кўрсатиши керак, югуриб, ҳаракат қилаётганида чалиб, йиқитиши эмас”, деган Лукашенко.
Путин ва Лукашенко муносабатлари сўнгги вақтларда яхши эмаслиги икки раҳбар Москвадаги Ғалаба парадида иштирок этиш учун Қизил майдонга йиғилганда ойдинлашди. Парад давомида Лукашенко Путиндан узоқ юрди.
Бундан ташқари, яқинда Минск четидаги сиҳатгоҳда Россиянинг “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси жангчиларининг ҳибсга олиниши ҳам икки давлат муносабатларига салбий таъсир ўтказяпти.