Венгрия Украинага ёрдам беришга қарши чиқяпти. Нима учун?

Олам

image

Венгрия Европа Иттифоқининг Тинчлик жамғармаси доирасида Украинага бериладиган ҳарбий ёрдамнинг навбатдаги траншини маъқулламади. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди

Маълум қилинишича, мамлакат ёрдамнинг фақат Украинага йўналтирилишига қарши чиққан ва ушбу маблағлар бошқа соҳаларга ҳам сарфланиши зарур деб ҳисоблаган. 

“Венгрия Европа Иттифоқининг бошқа мавжуд воситалар қатори Европа тинчлик жамғармасидан фақат Украина учун фойдаланишига рози эмас, чунки бу Иттифоқнинг бошқа соҳалардаги манфаатларини илгари суриш учун етарли маблағни йўналтиришга имкон бермайди”, дейди ҳукумат расмий вакили. 

Унинг айтишича, бундай маблағлар Болқон ёки Шимолий Африкага ҳам йўналтирилиши керак. 

“Венгрия ҳукумати учун бу масалаларга ойдинлик киритилиши жуда муҳим ва шу сабабли у Европа Тинчлик жамғармасидан кейинги транш ажратилишини маъқулламади”, дея қўшимча қилади Венгрия расмийси. 

Маълумот учун мазкур жамғарма 2021 йилда ташкил этилган бўлиб, Европа Иттифоқининг можароларнинг олдини олиш, тинчлик ўрнатиш ва халқаро хавфсизликни мустаҳкамлаш қобилиятини оширишга қаратилган. Жамғарма ҳисобидан шу пайтга қадар Украина учун 3,6 миллиард евро миқдорида ҳарбий ёрдам ажратилган. Венгрия эса уруш бошланганидан буён Украинага бирор марта ҳарбий техника етказиб бермаган. 

Венгрия, шунингдек, Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкцияларини ҳам танқид қилиб келади. Иттифоқ қонунларига кўра, унинг барча 27 аъзоси маъқуллагандагина бирор қарор кучга кириши мумкин. 

ЕИ Будапештнинг амалдаги ҳукумати суд мустақиллигини яхшилаш ва коррупцияга қарши кураш бўйича ислоҳотларни амалга оширмагунча Европа Иттифоқи тикланиш жамғармаларининг ҳар қандай тўловларини тўхтатиб қўйган ва бунинг натижасида унинг Венгрия билан алоқалари совуқлашган. 

Венгриянинг 2010 йилдан буён ҳокимият тепасида турган Бош вазири Виктор Орбан мигрантлар ҳуқуқларини чеклаш, шунингдек, нодавлат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари ва судлар устидан давлат назоратини кучайтириш ҳақидаги қарорлари юзасидан Европа Иттифоқи ва унинг ижрочи органи Европа Комиссияси билан келишмовчиликларга сабаб бўлган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Венгрия Халқаро жиноий суд қарорига қарши Путинни қамамаслигини маълум қилганди. Шунингдек, мамлакат Швециянинг НАТОга киришига ҳам қарши чиққан.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Иттифоқи Венгрия ҳарбий ёрдам

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг