Венецияда сайёҳларга кириш тўлови жорий қилинади
Олам
−
23 Ноябрь
282Италиянинг Венеция шаҳар маъмурияти 2025 йилдан бошлаб шаҳарга ташриф буюришнинг одатий форматини ўзгартиради. Бу ҳақда “Forbes” хабар берди.
Маълум қилинишича, кейинги йилдан бошлаб сайёҳлар учун 10 еврони ташкил этадиган кириш тўлови жорий этилиши режалаштирилган. Бу қарор оммавий туризмга қарши кураш ва маданий-меъморий меросни асраб-авайлаш доирасида қабул қилинган. Тўлов Венецияга фақат бир кунга ташриф буюрган сайёҳлардан олинади. Доимий яшовчилар ва меҳмонхонада қолиш учун жой банд қилганлар эса тўловдан озод қилинади. Шу тариқа шаҳар ҳокимияти аҳоли гавжумлигидан азият чекаётган машҳур сайёҳлик ҳудудларидаги сайёҳлар сонини камайтиришга интилмоқда.
Тўлов миқдори мавсумга ва туристлар оқимининг зичлигига қараб фарқ қилади. Мисол учун, йирик тадбирларда ташриф буюрувчилар оқимини назорат қилиш учун тўловлар оширилиши мумкин. Бундан ташқари, йиғилган маблағларнинг бир қисми шаҳар инфратузилмасини яхшилашга йўналтирилади.
Нашрга кўра, оммавий туризм узоқ вақтдан бери Венеция учун муаммо бўлиб келган. Ҳар йили миллионлаб одамлар шаҳарга ташриф буюради, бу эса инфратузилманинг ёмонлашишига олиб келади ва маҳаллий аҳоли учун ноқулайлик туғдиради. Янги тўлов сайёҳларни бир неча кун қолишга ҳам ундаши керак, бу эса меҳмонхона саноатига қўшимча даромад келтиради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ UNESCO Венецияни хавф остидаги Жаҳон мероси рўйхатига қўшишни тавсия қилганди ва Италияни етарлича чоралар кўрмаётганликда айблаганди.
Муҳаммад Ҳодиев