Венеция хавф остида. UNESCO Италияни айблади
Олам
−
23 Август 2023
7001UNESCO Венецияни хавф остидаги Жаҳон мероси рўйхатига қўшишни тавсия қилди ва Италияни етарлича чоралар кўрмаётганликда айблади. Бу ҳақда “Euronews” нашри хабар берди.
UNESCO`нинг Бутунжаҳон мероси маркази экспертлари мунтазам равишда БМТ маданий агентлигининг 1157 та Жаҳон мероси объектларининг ҳолатини кўриб чиқади. Бу йил сентябрь ойида Ар-Риёдда бўлиб ўтадиган йиғилишда UNESCO`га аъзо 21 давлатдан иборат қўмита 200 дан ортиқ объектларни кўриб чиқади. Шунга асосан уларнинг қай бирини хавф остидаги манзиллар рўйхатга киритиш ҳақида қарор қабул қилади. Шундай ҳудудлар орасидан Венеция ҳам жой олиши кутилмоқда.
Ташкилотнинг билдиришича, Италия шаҳарни иқлим ўзгариши ва оммавий туризм таъсиридан ҳимоя қилиш учун етарлича ҳаракат қилмаяпти.
Гап шундаки, каналлари ва маданий обидалари билан танилган Венеция бир неча йиллардан бери туризмнинг меъёрдан ортиқ даражаси билан курашиб келмоқда. Жумладан, 2019 йили карнавал давомида тарихий марказга бир кунда 193 мингга яқин одам оқиб келган.
Венеция ташриф буюрувчилар сонини назорат қилиш мақсадида бир кунлик сайёҳлар учун тўлов жорий этишга тайёрланмоқда. Аммо эътирозлар туфайли бу кечиктириляпти.
Маълумот учун, бу йил хавф остидаги объектлар рўйхатига Украинанинг Киев ва Львов шаҳарлари ҳам киритилиши тавсия этилган.
Эслатиб ўтамиз, январь ойида Украинанинг Одесса шаҳри ҳам UNESCO`нинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.