Украинанинг Одесса шаҳри Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилди
Олам
−
26 Январь 2023
5196Украинанинг Одесса шаҳри UNESCO'нинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилди. Бу ҳақда ташкилотнинг сайтида маълум қилинди.
“Озод шаҳар, жаҳон шаҳри, кино, адабиёт ва санъатда ўз изини қолдирган афсонавий порт – Одесса ҳозирда халқаро ҳамжамиятнинг янада кучайтирилган ҳимоясида. Уруш давом этар экан, ушбу объектнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилиши ҳар доим глобал қўзғолонларни енгиб ўтган бу шаҳарни кейинги вайронагарчиликдан ҳимоя қилиш бўйича умумий қатъиятимизни ифодалайди”, дейди UNESCO Бош директори Одри Азуле.
Бутунжаҳон мероси конвенцияси қоидаларига кўра, конвенциянинг 194 иштирокчи-давлати Жаҳон мероси объектига бевосита ёки билвосита зарар этказиши мумкин бўлган қасддан ҳаракатлар содир этмаслик ва уни ҳимоя қилишга ёрдам бериш мажбуриятини олади.
Қайд этилишича, Украина Президенти Владимир Зеленский 2022 йил октябрь ойида шаҳарни Бутунжаҳон мероси рўйхатига қўшиш учун мурожаат қилган.
UNESCO ташкилоти Одесса амалий санъат музейи ва Одесса замонавий санъат музейига уруш бошланганидан бери етказилган зарарни бартараф этган. Ташкилот, шунингдек, Одесса давлат архивидан 1000 га яқин бадиий асар ва ҳужжатли тўпламларни рақамлаштириш учун ускуналар тақдим этган.
Биноларни, шунингдек, ташқи макон санъат асарларини ҳимоя қилиш учун ускуналар ҳам етказиб берилган.