Венесуэла Президенти вазифасини ким бажариши маълум бўлди
Олам
−
04 Январь 11817 2 дақиқа
Венесуэла Олий суди мамлакат вице-президенти Делси Родригесни давлат раҳбари Николас Мадуронинг ўғирлаб кетилиши муносабати билан вақтинча президент вазифасини бажарувчи этиб тайинлашга қарор қилди. Бу ҳақда Конституциявий палата қарорида айтилган бўлиб, уни VTV телеканали эфирида палата раиси Карислижа Беатрис Родригес ўқиб эшиттирди.
“Республика президенти, фуқаро Николас Мадуро Моронинг ўғирлаб кетилиши оқибатида юзага келган фавқулодда вазиятни инобатга олган ҳолда, бу ҳолат унинг ўз ваколатларини бажариши учун моддий ва вақтинчалик имконсизликни юзага келтираётганини ҳисобга олиб, ижро этувчи вице-президентга Боливар Республикаси Венесуэла президенти лавозимига хос бўлган барча ваколатлар, мажбуриятлар ва функцияларни вақтинча президент вазифасини бажарувчи мақомида қабул қилиш ва амалга ошириш топширилсин. Бу қарор маъмурий узлуксизликни таъминлаш ҳамда миллатни ҳар томонлама ҳимоя қилиш мақсадида қабул қилинди”, дейди Родригес.
Суд, шунингдек, асосий қонунда бевосита назарда тутилмаган, бироқ давлат барқарорлиги, миллий хавфсизлик ва ҳокимият органларининг узлуксиз фаолиятига таҳдид солувчи фавқулодда ҳолатлар ва форс-мажор вазиятлари мавжудлигини аниқлаган. Шу сабабли суд маъмурий ворислик ва мамлакат мудофаасини таъминлаш учун “шошилинч ва олдини олувчи ҳимоя чораси”ни қабул қилган.
Венесуэла Конституциясига кўра, президент йўқлигида давлат ҳокимияти вице-президентга ўтади.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 3 январь куни тунда Венесуэла пойтахти Каракас шаҳрида портлашлар содир бўлганди. Кейинчалик АҚШ Президенти Дональд Трамп Қўшма Штатлар Венесуэлага кенг кўламли зарбалар берганини, Мадуро эса рафиқаси билан бирга қўлга олиниб, мамлакатдан олиб чиқиб кетилганини маълум қилди. Шунингдек, Венесуэла етакчисини қўлга олиш операцияси қандай тайёрлангани ва қандай ўтгани ҳақида ҳам тафсилотлар ошкор этилди. Ҳозирда Мадуро Нью Йоркдаги тергов изоляторида сақланмоқда.
Live
Барчаси