“Вазият жадал ёмонлашмоқда”. Тўқаев Каспий муаммоси ҳақида гапирди
Олам
−
09 Октябрь 2387 3 дақиқа
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Каспий экология саммитида сўзга чиқиб, Каспий денгизининг асосий муаммолари ҳақида фикр билдирди. Бу ҳақда Оқўрда хабар берди.
Ўз нутқида Қозоғистон раҳбари Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовга биринчи Каспий экология саммитини чақириш бўйича ўз вақтидаги ва долзарб ташаббуси учун миннатдорлик билдирган.
Унинг сўзларига кўра, бугунги учрашувни тарихий деб аташ мумкин, чунки Каспийнинг минтақа мамлакатлари халқлари учун стратегик аҳамиятини ортиқча баҳолаш қийин.
“Каспий – бу бетакрор табиий хазина, миллионлаб инсонлар фаровонлигининг манбаи, бутун Евроосиё қитъасининг асосий транспорт ва энергетика тугунидир. Шу сабабли Каспий денгизи экотизимини сақлаб қолиш, энг аввало, давлатларимиздан алоҳида эътиборни талаб этади.
Эрон Президенти жаноб Пезешкиённинг фикрига қўшиламан: бу энди шунчаки экологик инқироз эмас, балки аслида ўз оқибатларига кўра хавфли иқтисодий инқироздир. Агар ҳозирдан шошилинч ва қатьий чоралар кўрилмаса, экологик вазият жадал ёмонлашади, бу эса нафақат Каспийбўйи мамлакатлари халқларига, балки бутун халқаро ҳамжамиятга тузатиб бўлмайдиган зарар етказади”, дейди Президент.
Қозоғистон раҳбарининг аниқлик киритишича, 2000 йилдан 2025 йилгача бўлган даврда денгиз акваторияси умумий майдонининг қисқариши 16 минг квадрат километрдан ошган. Айрим участкаларда қирғоқ чизиғи ўнлаб километрга чекинган.
“Сув оқимининг камайиши, иқлим исиши ва антропоген юклама денгизнинг нозик табиий тизими ва биологик ранг-баранглигига ўта салбий, айтиш мумкинки, ҳалокатли таъсир кўрсатмоқда. Сўнгги аср давомида сони бир миллиондан 270 минг бошгача қисқарган Каспий тюленларининг тақдири алоҳида хавотир уйғотмоқда”, дейди Тўқаев.
Қозоғистон Президенти Каспийнинг ачинарли аҳволини минтақадаги кенг кўламли иқлим ўзгаришларидан айри ҳолда кўриб чиқиш мумкин эмаслигини таъкидлаган. Унинг маълум қилишича, прогнозларга кўра, жорий аср охирига бориб унинг айрим қисмларида ҳарорат 5 даражага кўтарилиши мумкин.
“Бу музликларнинг эришини, сув танқислигини, қурғоқчилик ва ерларнинг деградациясини кучайтиради. Жаҳон банки баҳолашига кўра, 2050 йилга бориб минтақадаги деярли 2,5 миллион киши иқлим омиллари сабабли ички миграция хавфига дуч келиши мумкин. Денгизнинг саёзлашиши кемачилик ва порт инфратузилмаси, балиқчилик, энергетика, саноат ҳамда қирғоқбўйи аҳоли пунктларининг барқарор ривожланиши учун таҳдидларни келтириб чиқармоқда. Гап кенг кўламли экологик офатга олиб келиши мумкин бўлган комплекс таҳдидлар ҳақида бормоқда. Қозоғистон бу каби сценарийнинг оқибати қанчалик юқори эканини тушунади.
Орол денгизи фожиаси ўйланмай қилинган табиатдан фойдаланишнинг ачинарли оқибатлари сифатида қатьий эслатма бўлиб қолмоқда. Биз ҳеч бир ҳолатда бундай вазият такрорланишига йўл қўймаслигимиз керак. Бир вақтлар ҳақли равишда “буюк”, “доно” деб аталган Каспийни қутқариш – бу шунчаки бизнинг масъулиятимиз эмас, балки ҳозирги давр давлат арбобларининг шаънидир. Чунки гап келажак авлодлар учун қолдирадиган меросимиз ҳақида бормоқда. Бугун биз қабул қилаётган қарорларга фарзандларимиз ва невараларимиз Каспийни қандай кўриши кўп жиҳатдан боғлиқ”, дейди Қозоғистон раҳбари.
Қосим-Жомарт Тўқаев, шунингдек, Қозоғистон ҳам халқаро, ҳам миллий даражада экологик муаммоларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратаётганини қўшимча қилган.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь
Сергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь