Вазирлик узрли сабаб билан ўқишини кўчирмоқчи бўлганларга сўнгги муддатни эслатди
Жамият
−
24 Декабрь 2020
6957Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги узрли сабабларга кўра ўқишини кўчириш истагида бўлган фуқаролар огоҳлантириш билан чиқди.
Унга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 15-бандига мувофиқ узрли сабабларга кўра ўқишни кўчириш тўғрисидаги аризаларни қабул қилиш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилган.
Ҳудудий ишчи гуруҳлари 2020 йилнинг 20 декабридан 2021 йилнинг 25 январь кунига қадар (ўша куни ҳам) фаолият кўрсатади.
Қайд этилган Низомга мувофиқ фуқаролар қуйидаги узрли сабабларга кўра ҳудудий ишчи гуруҳларига ариза топширишлари мумкин:
• талаба бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга доимий яшаш учун ёки турмушга чиқиш муносабати билан кўчиб ўтганда;
• талабанинг турмуш ўртоғи ёки ота-онаси ҳарбий хизмат ўташ жойини ўзгартирганда;
• талабанинг ота-онаси (турмуш ўртоғи) хориждаги давлат хизматидан қайтганда.
Ушбу сабаблардан бошқа ҳолатларда фуқаролар ўқишни кўчириш бўйича умумий тартибда ҳар йили 15 июлдан 5 августга қадар ариза билан мурожаат қилишлари мумкин.
Фуқаролар узрли сабабларга кўра ўқишни кўчириш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари лозим:
• ўқишни кўчириш бўйича ариза (ариза бланкаси ҳудудий ишчи гуруҳи томонидан берилади ва талаба томонидан жойида тўлдирилади);
• талабанинг рейтинг дафтарчаси ёки белгиланган шаклдаги академик маълумотнома ёки транскрипт нусхалари (биттаси бўлса етарли);
• паспорт нусхаси;
• юқорида қайд этилган узрли сабабларни асословчи тегишли ҳужжатлар.
Ўқишни қайта тиклаш бўйича (кўчириб тиклаш бундан мустасно) аризалар талабанинг четлатилганлигига неча йил бўлганлигидан қатъий назар бевосита муайян ОТМга тақдим этилади.
LiveБарчаси