Қурилиш вазирлиги соҳани танқид қилган тадбиркор устидан ИИВга шикоят қилди (видео)
Жамият
−
20 Сентябрь 11877 3 дақиқа
Жорий йилнинг 29 август куни Савдо саноат палатасида қурилиш соҳаси тадбиркорлари билан ўтказилган очиқ мулоқотда ўзини бир нечта қурилиш компаниялари раҳбари сифатида таништирган Усмонжон Абдусамадов Тошкент шаҳрида битта уй учун 200 минг долларгача, Тошкент вилоятида эса 100 минг долларгача харажат борлиги юзасидан даъво билан чиққан. У, шунингдек, мутасаддилардан аризаларнинг асоссиз рад этилишига қарши чора кўришни сўраган.
“Ерни сотиб олдик. Энди рухсатнома олиш керак. Рухсатнома оладиган жараёнимизда рухсатномага “заявка” ташлаяпмиз, “отказ” бўляпти, токи манзилига бориб, “Ассалому алайкум” бўлмагунча. Бу эртанги харажатимизга таъсир қиляпти. Битта “дом”ни 500 минг долларга кўтарсак, кимгадир 50 минг, кимгадир 100 минг, кимгадир 20 минг бўлиб, у ўша жойга “миниб қоляпти”. Буни ҳал қилиш керак. “Заявка”га “отказ” босган одам нега “отказ” босганига жавоб бериши керак”, дейди у.
Шунингдек, тадбиркор бу жараёнда Тошкент шаҳрида 200 минг долларгача, Тошкент вилоятида 100 минг долларгача харажат борлигини билдирган.
Усмонжон Абдусамадовнинг мазкур даъвоси ортидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги расмий муносабат билдирди. Вазирлик ўз муносабатида тадбиркорнинг “Тошкентда битта уй учун 200 минг долларгача харажат бор” деган гапи жамоатчилик орасида асоссиз ахборот тарқалишига сабабчи бўлганини билдирган.
“Мазкур маълумотлар ижтимоий тармоқларда турли муҳокамаларни келтириб чиқарди. Натижада қурилиш соҳасида республика миқёсида олиб борилаётган ислоҳотларга, соҳа вакиллари ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига нисбатан салбий муносабат шаклланмоқда. Бу эса ўз навбатида вазирлик ва унинг тизимида фаолият юритаётган ходимларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказмоқда”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, шу боис Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги фуқаро (тадбиркор) Усмонжон Абдусамадовга нисбатан тегишли тартибда жавобгарлик чоралари кўриш ва ҳуқуқий баҳо берилишини сўраб, Ички ишлар вазирлигига расмий ариза киритган.
“Қурилиш соҳасига оид барча давлат хизматлари ва тўловлар белгиланган тартибда электрон тарзда амалга оширилади. Бу жараёнда қўшимча маблағ талаб қилиниши қатъий тақиқланган”, дейилади вазирлик муносабатида.
Қайд этилишича, жисмоний ва юридик шахслар шаҳарсозлик ҳужжатларини олиш учун аризаларни фақат Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) ёки Давлат хизматлари марказлари орқали юбориши мумкин. Аризаларни кўриб чиқишда фуқаро ва ваколатли орган вакили ўртасида тўғридан тўғри мулоқотга йўл қўйилмайди. Хусусан, объект қурилишига оид рухсатнома олишдан тортиб, уни фойдаланишга қабул қилишгача бўлган барча жараёнлар “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими орқали тўлиқ назорат қилинади. Бу жараёнлар Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 апрелдаги 200-сон қарори билан тасдиқланган маъмурий регламентлар асосида аниқ тартибга солинган.
Live
Барчаси