Вазирлик Амир Темур ҳақидаги шармандаликка йиғлагулик муносабат билдирди
Жамият
−
01 Февраль 2022
30734Аввалроқ Голливуд Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш бошқармасининг “Facebook”даги расмий саҳифасида хорижий видеоблогерлар томонидан “Индиана Жонс Ўзбекистонда” номи билан суратга олинган қисқаметражли фильм эълон қилингани ҳақида хабар берган эдик. Видеода Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон тарихидаги муҳим шахслардан бири, Темурийлар давлатининг асосчиси Соҳибқирон Амир Темур қонхўр-босқинчи сифатида таърифлангани жамоатчилик эътирозига сабаб бўлганди.
Туризм ва спорт вазирлиги Индиана Жонс иштирокида Ўзбекистонда тасвирга олинган ва Амир Темур шахси қоралаб кўрсатилган видеоролик юзасидан муносабат билдирди. Идора аввало бу видео Туризм ва спорт вазирлиги ташаббуси билан суратга олингани ҳақидаги фикрларга эътироз билдирган.
“Биринчидан, ушбу видеоролик Туризм ва спорт вазирлиги ташаббуси билан тасвирга олинмаган, муаллифлар билан бу бўйича ҳеч қандай келишув ҳам бўлмаган”, дейилади вазирлик муносабати аввалида.
Ташкилот шундан сўнг Амир Темур қаттолга чиқарилганига тўхталиб ўтган. Қайд этилишича, томошабиннинг эътиборини жалб қилиш учун ҳам Марказий Осиё ва Ўзбекистон тарихидаги энг буюк шахслардан бири “бадиий тўқима” билан қонхўрга чиқарилган.
“Иккинчидан, вазирлик видеоролик аввалида соҳибқирон Амир Темур ҳақида айтилган фикрларга ҳайриҳоҳ эмас. Шундай бўлса-да, қайд этиш жоизки, видеороликларда томошабиннинг эътиборини жалб қилиш учун ҳам “бадиий тўқима” қўлланилган бўлиши мумкин, бу аудиторияни жалб қилиш мақсадида тез-тез ишлатиладиган услубдир. Видеороликнинг ўзини умумий оладиган бўлсак, бу каби видеолар мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини тарғиб қилишда ижобий хизмат қилади.
Шундай экан, ОАВ вакиллари ва блогерлардан одамларни чалғитувчи ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатмасликка, савол туғилган тақдирда вазирлик матбуот хизматига мурожаат қилиб аниқлик киритишга чорлаб қоламиз”, дейилади вазирлик муносабатида.
Идора видеоролик бўйича саволлар билан ролик муаллифларига мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлаган ҳолда, Туризм ва спорт вазирлиги соҳани ривожлантириш йўлида хизмат қилувчи қизиқарли ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини маълум қилган.
Вазирлик баёнотидан англашилишича, Амир Темур шахси расмий идора ташаббуси билан қораланмаган. Бироқ улар буни кўра-била туриб, лом-мим демаган. Томошабин кўрса бўлди деб ўзлари ҳам томошабин бўлишган.
Вазирликдагилар бу видеони Голливуд ижодкорлари суратга олганини, бу ижод маҳсулини Ўзбекистондан ташқарида ҳам миллионлаб одамлар томоша қилишини хаёлига келтирдимикин? Бу видеони кўрган хорижлик Амир Темур ҳақида қандай хулосага келади? Яна видео давлатнинг расмий идораси томонидан эълон қилиб турилса-я. Мутасаддилар видео ижодкорларига “хой, сен ўзи нималар деяпсан, Амир Темур буюк саркарда, буюк давлат асосчиси бўлган деб”, маълумотларни тузатиш ўрнига, “бу бизнинг ташаббус эмас”, деб уни тарқатишга ёрдам бериб ўтириши ачинарли ҳолат.
LiveБарчаси