Амир Темур ҳақидаги опера Париждаги Версаль саройида ижро этилди

Жамият

image

Буюк саркарда Амир Темур ҳақидаги “Тамерлано” операси Париждаги Версаль саройининг Қироллик операсида ижро этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

“Дубай, Вена ва Санкт-Петербургдан сўнг Жорж Фридерик Ҳанделнинг “Тамерлано” операси Парижни забт этди”, дейди Президент Администрацияси раҳбари.

Унинг билдиришича, ушбу асар Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри томонидан Европанинг энг нуфузли саҳналаридан бири – Версаль саройининг Қироллик операсида ижро этилган.

“Иқтидорли мусиқачиларимизнинг жонли наволаридан баҳраманд бўлар эканман, маданий дипломатия турли халқларни бирлаштиришга қодир эканига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим”, дейди Саида Мирзиёева.

Маълумот учун, 2024 йилнинг 2 октябрь куни Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театри саҳнасида режиссёр Стефано Пода талқинида “Тамерлано” операсининг премьераси бўлиб ўтган. Ўшанда Жорж Фридерик Ҳанделнинг (1685-1759) оригинал мусиқаси бастакор Кирилл Рихтер сайқалида, ўзбек миллий чолғу асбоблари жўрлигида оркестр томонидан ижро этилган.

Операнинг жаҳон премьераси бундан роппа-роса 300 йил муқаддам 1724 йилда бўлиб ўтган – бу Ғарбий Европа мусиқа санъатининг Темурийлар салтанати асосчиси Амир Темурга бағишланган дурдона асари ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саида Мирзиёева Ўзбек миллий академик драма театрида Амир Темур ҳақидаги “Адолат фасли” спектакли томошасига борган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг