Вазирга мактабларда китобдан воз кечиб, болаларга планшет бериш таклиф қилинди
Жамият
−
04 Июль 2019
4279Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовга умумтаълим мактабларида китобдан воз кечиб, ўқувчиларни планшет билан таъминлаш таклифи берилган. Бу ҳақда вазир кеча, 3 июль куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.
“Одамлар халқ таълими тизимини янада яхшилаш бўйича ўзларининг кўплаб маслаҳатларини юборишади. Айримлар ҳатто китобларни биратўла йўқ қилиб, ҳар битта ўқувчининг қўлига планшет тутқазиш ва дарсларни ҳам тўлиқ электрон шаклда ўтказишни маслаҳат беришган. Аммо мен бундай қилинишига ҳамиша қарши бўлганман”, дейди Шерматов.
У Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 5 ташаббуси ва бу ташаббуснинг бир қисми бўлган китобхонлик ҳамда ёшлар мутолааси ҳақида гапираркан, АҚШ тажрибасига тўхталди. Кўп йиллар АҚШда яшаган вазир океан ортида китобхонлик даражаси ошиб бораётганини қайд этди.
“Ишончим комилки, китоб ҳеч қачон йўқолмайди. Тараққиёт минг кучаймасин, китоб мутолааси асло йўқ бўлмайди. Бунга ривожланган давлатлар ҳам яққол мисол бўла олади. Масалан, АҚШдаги машҳур Amazon порталини олинг. Агар АҚШда биров босма китоб ўқимай қўйганида эди, мазкур порталга 40 миллион турдаги китоблар савдоси бўйича эълонлар жойлаштирилмаган бўлар эди”, дейди вазир.
Шерзод Шерматов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 29 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси”ни тасдиқлаш тўғрисидаги фармонига мувофиқ қабул қилинган Концепция халқ таълими тизимини узоқ муддатли ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб берганини таъкидлади.
Концепцияга кўра:
• 2030 йилга бориб, Ўзбекистон Республикасининг PISA (The Programme for International Student Assessment) Халқаро миқёсда ўқувчиларни баҳолаш дастури рейтинги бўйича жаҳоннинг биринчи 30 та илғор мамлакати қаторига киришига эришиш;
• узлуксиз таълим тизими мазмунини сифат жиҳатидан янгилаш, шунингдек, профессионал кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;
• ўқитиш методикасини такомиллаштириш, таълим-тарбия жараёнига индивидуаллаштириш тамойилларини босқичма-босқич татбиқ этиш; халқ таълими соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда инновацион лойиҳаларни жорий қилиш;
• халқ таълими муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва бюджетдан маблағ билан таъминлашнинг самарадорлигини ошириш; ёшларни тарбиялаш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлашда мактабдан ташқари таълимнинг замонавий усуллари ва йўналишларини жорий этиш;
• давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш ҳисобига давлат таълим тизимида рақобат муҳитини кенгайтириш; ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган бешта ташаббусни амалиётга татбиқ қилиш;
• халқ таълими тизимида фаолият кўрсатишнинг жозибадорлигини ошириш мақсадида умумий ўрта таълим муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш ҳамда ижтимоий ҳимоя қилиш даражасини босқичма-босқич ошириб бориш кўзда тутилмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь