“Ватандош” картасига эга шахслар Ўзбекистонга визасиз кириши мумкин бўлади
Жамият
−
11:38
2913Ўзбекистоннинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этишга интилаётган шахсларга “Ватандош” гувоҳномасини ва “Ватандош” картасини расмийлаштириш, бериш ҳамда бекор қилиш тартиби белгиланди. Бу ҳақда 20 ноябрь куни Президент қарори билан тасдиқланган тегишли низомда сўз боради.
"Ватандош" гувоҳномаси — хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни рағбатлантириш шакли бўлиб, Ўзбекистоннинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган, мамлакатнинг бошқа давлатлар билан дўстона муносабатларини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётган, республикада хайрия (меценатлик) фаолиятини амалга ошираётган шахсларга миннатдорчилик ва ташаккур белгиси ҳамда "Ватандош" картасини олиш учун асос ҳисобланадиган ҳужжат.
Вазирлик ва идоралар томонидан таклиф ва ташаббус асосида гувоҳнома бериш бўйича тақдим этилган номзодларни кўриб чиқиш учун Комиссияга тавсиянома киритилади.
"Ватандош" картаси — гувоҳнома асосида 5 йил муддатга (ватандош миллий паспортининг амал қилиш санасидан ошмаган ҳолда) бериладиган ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида белгиланган имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ID карта шаклидаги ҳужжат.
Мазкур карта эгаларига қуйидаги ҳуқуқлар берилади:
- Ўзбекистон Республикасига ҳудудига визасиз кириш ва чиқиш;
- мамлакат ҳудудида кўчмас мулк сотиб олишда чет эл фуқароларига нисбатан белгиланган кўчмас мулкнинг миқдорлари татбиқ этилмайди ва Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси талаб қилинмайди;
- хорижий фуқарога бериладиган меҳнат фаолиятига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларсиз меҳнат фаолияти билан шуғулланиш;
- Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган шартларда тиббий, таълим ва бошқа давлат хизматларидан фойдаланиш.
Шунингдек, карта эгаларининг оила аъзоларига (ота-онаси, эр (хотини) ва вояга етмаган фарзандлари) қуйидаги имтиёзлар берилади:
- амалдаги виза муддатини узайтиришда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиш заруратисиз чекланмаган миқдорда узайтириш имконияти билан давлат божи ундирилмасдан кўп марталик виза олиш;
- Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун назарда тутилган шартларда тиббий, таълим ва бошқа давлат хизматларидан фойдаланиш;
- вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олишни давлат божи ундирилмасдан ички ишлар органларида расмийлаштириш ва узайтириш.