VAR, пенальти, ҳисобга олинмаган голлар: “Насаф” Ўзбекистон кубоги финалида
Спорт
−
24 Ноябрь 2021
3962Бугун, 24 ноябрь куни футбол бўйича Ўзбекистон кубоги ярим финалидан ўрин олган ОКМК ва “Насаф” учрашуви ўз якунига етди.
Асосан тенг курашлар остида кечган учрашувнинг асосий вақтида ҳисоб очилмади. Қўшимча бўлимларда эса бир қатор эътиборга молик воқеалар содир бўлди.
94-дақиқада Шоҳмалик Комилов бурчакдан ўзатган тўпни Алибек Давронов боши билан олмалиқликлар дарвозасига аниқ зарба бериб, ҳисобни очди.
109-дақиқага келиб ОКМК футболчиси Санжар Шоаҳмедов ҳисобни тенглаштирди. Бироқ бош ҳакам Раҳимбек Каримов VAR тизими орқали голни бекор қилди. Ушбу вазиятда мезбонлар ҳимоячиси Сардор Раҳмонов дарвозабоннинг йўлини тўсиб қўйган ва ўйиндан ташқари ҳолатда қолиб кетган эди.
Ўйиннинг энг асосий воқеаси 120-дақиқа якунланаётган бир паллада содир бўлди. Миржалол Қосимов шогирдлари қарши ҳужумда иккинчи марта ҳисобни тенглаштиришди. Бироқ бош ҳакам VAR тизими ёрдамида бироз аввал Олмалиқ жамоаси дарвозабони Валижон Раҳимов жарима майдончаси ичида қоида бузган, деб топди ва пенальти белгилаб, голни бекор қилди. Тўп олдига яқинлашган “Насаф” ҳужумчиси Андрия Калудерович эса орадаги фарқни иккитага ошириб, ўйинга нуқта қўйди.
ОКМК – Валижон Раҳимов, Мирғиёс Сулаймонов (Дилшод Аҳмадалиев, 62’), Бобур Йўлдошев, Сардор Раҳмонов, Акром Комилов (Мурод Тошматов, 83’), Йован Жокич (Санжар Шоаҳмедов, 74’), Санжар Турсунов, Миржамол Қосимов (Зафар Полвонов, 83’), Шоҳруҳ Гадоев, Александр Касьян (Мартин Боаке, 62’), Ҳусниддин Ғофуров.
“Насаф” – Умид Эргашев, Дилшод Саитов (Жўрабек Маннонов, 106’), Ғолиб Ғайбуллаев, Умар Эшмуродов, Шерзод Насруллаев, Акмал Мозговой, Марко Станоевич, Суҳроб Нуруллоев (Алибек Давронов, 85’), Баҳром Абдураҳимов (Абубакр-Ризо Турдиалиев, 75’), Ойбек Бозоров (Шоҳмалик Комилов, 90’), Ҳусаин Норчаев (Андрия Калудерович, 90’)
Четлатиш: Марко Станоевич, 60’
Эслатиб ўтамиз, финалга йўл олган Рўзиқул Бердиев шогирдлари “Пахтакор” – “Бунёдкор” жуфтлиги ғолибига қарши баҳс олиб боради.