“Вагнер” мажбуран урушга олиб кетган ўзбекистонликка суд ҳукми ўқилди
3-саҳифа
−
10 Июнь 8505 2 дақиқа
Тошкент вилоятида яшовчи фуқаро Россияга ишлаш мақсадида бориб, Украинага қарши жангларда иштирок этгани учун 5 йил муддатга озодликдан чеклаш жазосига ҳукм қилинди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билан танишди.
Суд материалларига кўра, 2000 йилда Ангрен шаҳрида туғилган фуқаро ишга жойлашиш мақсадида маҳалла биносига боради. У ердан эса маҳалла масъулларидан бири фуқарони меҳнат биржасига йўналтиради. Биржада унга чет элга ишлаш таклифи берилади ва фуқаро бунга рози бўлади.
2021 йилда ишлаб пул топиш мақсадида у Россиянинг Самара вилоятига борган. У ерга борганидан сўнг, иш берувчилар регистрация қилиш кераклигигини айтади ва ушбу амалиёт учун 8 минг рубль пул сўрашади. У пули йўқлигини, ойлик маош олмаганини айтгач, иш берувчилар “пулларинг бўлмаса, текинга бир ҳафта ишлаб берасанлар” деб айтади ва у бу таклифга рози бўлади. У Самарада курьер сифатида фаолият юритади. Бир куни ишхонасидан айтилган буюртмани олиб кетаётган пайтида, уни полиция ходимлари тўхтатади ва фуқаронинг ёнидан “героин” гиёҳвандлик моддаси топилади. Шундан сўнг, Ўзбекистон фуқароси гиёҳвандлик моддаси уники эканини тан олмаса-да, 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинади.
Ўзбекистонлик йигит Самарадаги қамоқхонада жазо муддатини ўташ даврида “Вагнер” хусусий ҳарбий компаниясига ёлланади. У 6 ой давомида Украинага қарши урушда қатнашган. Украина томонидан отилган миномёт портлашида чап оёғининг болдир қисми орқасига парча тегиб жароҳат олган ва шифохонага тушган.
Хизмат муддати тугагандан сўнг унга Россия фуқаролиги, пул мукофоти ва 3 та медаль берилган. У 2024 йилнинг октябрь ойи охирида Ўзбекистонга қайтиб келган.
Айбланувчининг суддаги кўрсатмасига кўра, уни “Вагнер” ходимлари урушга мажбуран олиб кетган. Фуқаро Ўзбекистонга қайтиб келгач, масъул ходимлар томонидан унинг қўл телефони текширилади ва телефондан Украинага қарши урушда иштирок этганини тасдиқловчи фото ва видеолар топилади.
Суд ҳукми билан фуқаро Жиноят кодексининг 154-моддаси (ёлланиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбли деб топилган ҳамда унга нисбатан 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида яшовчи фуқаро Украинага қарши жангларда иштирок этгани ҳамда ўз уйида гиёҳвандлик моддаси етиштиргани учун 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинганди.
Live
Барчаси