“Вагнер” мамлакатда ҳукуматни ағдармоқчи эмас эди – Пригожин 

Олам

image

“Вагнер” раҳбари Евгений Пригожин ўзининг "адолат марши" тугаганидан бери биринчи марта матбуотга баёнот берди. Унинг матбуот хизмати кеча, 26 июнь куни Telegram каналига 11 дақиқалик аудиоёзувни жойлади.

Овозли хабарда Пригожин мамлакатда ҳукуматни ағдармоқчи эмаслигини таъкидлаган. Шунингдек, у рус аскарларининг қонини тўкмаслик учун орқага чекинишини қўшимча қилган.

“Россия самолёти уриб туширилганидан афсусдамиз. Биз мамлакатда ҳукуматни ағдармоқчи эмас эдик, “махсус операция” давомида хатога йўл қўйганларни жавобгарликка тортмоқчи эдик”, деган Путиннинг ошпази.

“Вагнер” раҳбари Лукашенко билан музокаралар тафсилотларини ва ёлланма қўшиннинг кейинги режаларини ошкор қилмаган.

Ўз навбатида Россия Президенти Владимир Путин ҳам мурожаат билан чиққан. У ўз нутқида “Вагнер” жангчиларида икки танлов борлигини айтди. Унга кўра, вагнерчилар Мудофаа вазирлиги ёки бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари билан шартнома тузиб, Россияга хизмат қилишни давом эттириши ёки Беларусга бориши мумкин.

“Мен берган ваъда амалга ошади. Такрор айтаман, танлов сизники, лекин мен ишонаманки, бу ўз фожиали хатосини тушунган рус аскарларининг танлови бўлади”, деган Путин.

Пригожиннинг бир кунлик исёни

Жорий йилнинг 24 июнь куни “Вагнер” жангчилари Ростовдаги Жанубий ҳарбий округ штаб-квартирасини эгаллаб олди. Пригожин Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов “Вагнер”га топширилишини талаб қилиб, Москвага боришини эълон қилди. Бу орада Москвада ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Россия Федерал хавфсизлик хизмати эса Пригожинга қарши жиноий иш қўзғатди. Кечга бориб Беларусь фуқароси Александр Лукашенко Россия Федерацияси Президенти билан келишилган ҳолда “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожин билан музокара олиб боргани маълум бўлди. Музокаралар якунида Россия ҳудудида қуролли ҳаракатларни тўхтатиш ва кескинликни юмшатиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Пригожин ҳам Москвага кетаётган қўшинлари ортга қайтарилганини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Путин Вагнер Пригожин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг