Ваҳшийларча ўлдирилган Нариннинг отаси Эрдўғаннинг ҳузурига отланди
World
−
19:08 3593 4 minutes
2024 йилда Диёрбакир вилояти Боғлар туманининг Тавшантепа қишлоғида бедарак йўқолганидан 19 кун ўтиб жасади топилган 8 ёшли Нарин Гураннинг отаси Ориф Гуран ишни қайта кўриб чиқишни талаб қилиб, Диёрбакир шаҳридан Анқарага пиёда юришни бошлади. Қизининг қабрини зиёрат қилганидан сўнг йўлга чиққан Гуран қарийб минг километрлик юриш Президентлик Куллияси олдида якунланишини айтди. Бу ҳақда “Haberler” хабар берди.
.png)
Қайд этилишича, Нарин Гураннинг отаси Ориф Гуран қизининг ўлими билан боғлиқ ишни қайта ва холис тарзда кўриб чиқиш мақсадида Диёрбакир шаҳридан Анқарага “адолат юриши”ни бошлаган. Ориф Гуран юриши орқали Президент Ражаб Тойиб Эрдўғанга ўз овозини етказмоқчи эканини, манзил эса Куллия олди бўлишини айтган.
.png)
“Бу мамлакатда қизимнинг ҳаққини ерда қолдирмайдиган ягона инсон бор. У ҳам фақат жаноб Президентдир. Бу йўл фақат унинг олдига бориш учундир”, деган у.
Юриш олдидан Тавшантепа қишлоғидаги Нариннинг қабри зиёрат қилинган. Шундан сўнг Ориф Гуран ва унинг ҳамроҳлари йўлга чиққан.
.png)
Тадбирда Гуранлар оиласи адвокати Ўнур Ақдағ ҳам иштирок этиб, Нариннинг ўлими бўйича олиб борилган тергов ва суд жараёнида йўл қўйилган, деб ҳисоблаётган камчиликларга тўхталган. Унинг айтишича, оила икки йилдан бери ишни қайта кўриб чиқиш учун ҳуқуқий кураш олиб бормоқда.
.png)
.png)
Адвокат тергов давомида айрим муҳим далиллар йўқолганини даъво қилган. Жумладан, ҳарбий камералардаги аввалги ёзувлар ўчирилгани, Нарин Гураннинг амакиси Салим Гураннинг телефонидаги муҳим аудиоёзув йўқ қилингани, Нариннинг қўшниси Невзат Бахтиёрнинг телефонида эса ҳуқуқ-тартибот органларида бўлган пайтда уни қайта тиклашга уриниш қилинганини билдирган.
Ақдағ суд жараёни давомида “WhatsApp ҳисоботи” деб аталган ҳужжат сохта экани аниқланганини ҳам даъво қилган. Унинг айтишича, ишдаги “торайтирилган база ҳисоботи” камера тасвирлари, аудиоёзув ва бошқа рақамли маълумотларга зид келади. Адвокат Нарин уйига етиб бормагани, сўқмоқ бошида бошқа бир шахс томонидан олиб кетилиб, Невзат Бахтиёрнинг молхонаси томон олиб борилгани ҳақидаги хулосани ҳам илгари сурган.
Ақдағ бу маълумотлар АҚШда яхшиланган видеотасвирлар асосида аниқланганини ва тегишли ҳисоботлар судга тақдим этилганини айтган. Шунингдек, адвокат Салим Гураннинг телефонидаги маълумотлар асосида унинг қотиллик содир бўлган вақтда Орифнинг молхонаси ва уйи томон ҳаракатлангани ҳақидаги хулосага зид далиллар мавжудлигини билдирган. Унга кўра, Салим Гуран ўша вақтда уйида фарзандлари билан ўтириб, овқатланган.
Адвокатнинг айтишича, Салим Гуран дастлабки 30 дақиқада умуман ҳаракат қилмаган, кейинги 30 дақиқада эса атиги 45 қадам ташлаган. Шу билан бирга, қотиллик содир бўлган вақтда унинг телефонида интернет фаоллиги кузатилган.
Невзат Бахтиёрнинг телефонида эса интернет фаоллиги қайд этилмаган. Шунингдек, Салим Гураннинг телефони соат 15:20 гача қувват олаётгани аниқланган. Ақдағ судлар ушбу маълумот ва ҳисоботларни етарлича инобатга олмаганини даъво қилган. У Нариннинг танасидан аниқланган PSA бўйича ҳам етарлича эътибор қаратилмаганини айтган. Адвокатнинг фикрича, биринчи инстанция суди, апелляция суди ва Туркия Олий кассация судининг қарорлари ҳам оилани қониқтирмаган.
“Ориф Гураннинг адолат учун кураши бор эди. У бу курашни шахсий адолат юришига айлантирмоқчи бўлди. Бу юришнинг асосий мақсади шунчаки йўлни тугатиш эмас, балки Президент Ражаб Тойиб Эрдўғанга ўз овозини шахсан етказишдир”, деган Ўнур Ақдағ.
Шундан сўнг Ориф Гуран ҳам йиғилганларга мурожаат қилиб, қизи учун ҳақиқат ва адолат излашда давом этишини айтган.
“Бу йўлга чиқишимнинг ягона сабаби қизимнинг ҳаққидир. Мен Нарин учун нафақат йўлга чиқишга, ҳатто ўлимга ҳам тайёрман. Нариннинг ҳақиқатини ҳимоя қилаётган минглаб инсонлар бор. Агар мен бугун шу йўлга чиқаётган бўлсам, сизлар ҳам бу ҳақиқатни ҳимоя қиласизлар, деб ишонаман”, деган у.
Гуран Анқарага етиб боргач, юришини Президентлик Куллияси олдида якунлашини билдирган.
Маълумот учун, Гуранлар оиласи аввалроқ Адлия вазирлиги ҳузуридаги Жиноятларни содир этган шахслар аниқланмаган ишларни ўрганиш департаментига мурожаат қилиб, Нариннинг ўлими ишини “жиноятчиси номаълум” иш сифатида қайта кўриб чиқишни сўраган.
Бироқ вазирлик томонидан ўтказилган баҳолашда жиноятни “номаълум шахс” содир этганини кўрсатувчи ёки ишни қайта кўриб чиқишни талаб қиладиган янги ва аниқ ҳолатлар аниқланмагани сабабли мурожаат рад этилган. Айрим судланувчиларга нисбатан чиқарилган ҳукмлар Туркия Олий кассация суди томонидан тасдиқлангани ҳам рад жавобининг сабабларидан бири сифатида кўрсатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нарин Гуран вафотининг иккинчи йилида қабри бошида хотирлангани ҳақида хабар берилган эди. Маросимда унинг оиласи ва кўплаб фуқаролар иштирок этган.