Вьетнамда бир йил ичида иккинчи марта президент алмашди
Олам
−
21 Октябрь
4305Вьетнам Коммунистик партияси Марказий қўмитаси сиёсий бюроси аъзоси ва котибиятининг доимий аъзоси ҳисобланган, бир пайтнинг ўзида армия генерали бўлган Лионг Куонг бугун, 21 октябрь куни мамлакатнинг Президенти этиб сайланди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Вьетнам ҳукмрон Коммунистик партияси Марказий Қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси, Жамоат хавфсизлиги вазири, армия генерали То Лам 2024 йил май ойидан бошлаб мамлакатнинг Президенти сифатида фаолият юритаётган эди. Август ойида Лам Вьетнам Коммунистик партиясининг бош котиби этиб сайланди. Шундай қилиб, у мамлакатдаги сиёсатчилар ҳокимиятида юқори лавозимни эгаллади ва президентлик лавозимини тарк этди.
67 ёшли Лионг Куонгнинг сайланишини мажлисда иштирок этган барча 440 нафар қонун чиқарувчи қўллаб-қувватлади. Куонг эса ҳар томонлама кенгайтирилган ташқи сиёсат олиб боришга ваъда берди.
Маълумот учун, президентликка сайланган Лионг Куонг 1957 йил 15 августда Вьетнамнинг шимолий қисмидаги Футхо провинциясида туғилган. Партия ва давлат бошқаруви бўйича бакалавр даражасига эга. 1993-2010 йилларда Сиёсий ҳимоя ва контрразведка бошқармалари ва бўлинмаларида раҳбарлик лавозимларини эгаллаган. Шунингдек, у 1981 йилдан бери Вьетнам Коммунистик партияси аъзоси. 2010 йилда Жамоат хавфсизлиги вазирининг ўринбосари этиб тайинланган, 2016 йилда эса вазир лавозимини эгаллаб, 3 йилдан сўнг генерал унвонига сазовор бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мамлакатдаги ҳукмрон Вьетнам Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Президенти Во Ван Тхионгнинг истеъфосини қабул қилганди. 53 ёшли Во Ван Тхионг партия низомининг бир қанча бандларини бузган ва бунинг ортидан жамоатчиликнинг салбий реакциясига дучор бўлган. Оқибатда у истеъфога чиқиш тўғрисида ариза беришга қарор қилган. Бу марказий қўмита йиғилишида маъқулланган. Кейинроқ эса, Вьетнам Социалистик Республикаси Миллий Ассамблеясининг (бир палатали парламент) Ханойда бўлиб ўтган еттинчи сессиясида ҳукмрон Вьетнам Коммунистик партияси Марказий Қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси, Жамоат хавфсизлиги вазири, армия генерали То Ламни мамлакатнинг янги Президенти этиб сайланганди.
Муҳаммад Ҳодиев
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь