Генерал То Лам Вьетнам Президенти этиб сайланди
Олам
−
22 Май
4728Вьетнам Социалистик Республикаси Миллий Ассамблеяси (бир палатали парламент) Ханойда бўлиб ўтган еттинчи сессиясида Вьетнам ҳукмрон Коммунистик партияси Марказий Қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси, Жамоат хавфсизлиги вазири, армия генерали То Ламни мамлакатнинг янги президенти этиб сайлади. Бу ҳақда Миллий Ассамблея идораси раҳбари Буй Ван Кионг маълум қилди.
Парламент назорат комиссиясининг маълум қилишича, 66 ёшли То Ламни давлат раҳбари этиб сайлаш тўғрисидаги резолюцияни мажлисда қатнашган Миллий ассамблеянинг 473 нафар депутатидан 472 нафари қўллаб-қувватлаган.
Миллий ассамблея депутатлари томонидан мамлакат президенти сайлови бўйича ўтказилган овоз бериш натижалари эълон қилингандан сўнг дарҳол давлат раҳбарининг инаугурация маросими бўлиб ўтди.
“Муқаддас миллий байроқ, Миллий ассамблея, бутун мамлакатдаги ватандошларим ва сайловчилар олдида мен – Вьетнам Социалистик Республикаси Президенти Ватанга, халққа, Вьетнам Социалистик Республикаси Конституциясига тўлиқ содиқ бўлишга, партия, давлат ва халқ томонидан қўйилган вазифаларни муваффақиятли бажариш учун бор куч-ғайратимни сарфлашга қасамёд қиламан", деди То Лам.
66 ёшли То Лам замонавий Вьетнам тарихидаги 13-Президент бўлди. Давлат раҳбари сифатида у 2024 йилнинг март ойида ўз хоҳиши билан истеъфога чиққан 53 ёшли Во Ван Тхионг ўрнини эгаллади.
То Лам 1957 йил 10 июлда Вьетнам шимолидаги Хинген провинциясида туғилган. 1974 йилда давлат хавфсизлик органлари хизматига кирган. То Лам 1979 йилда Марказий жамоат хавфсизлиги мактабини (ҳозирги Халқ хавфсизлиги академияси) тугатгандан сўнг ўз фаолиятини Ички ишлар вазирлигининг Сиёсий хавфсизлик биринчи бош бошқармасида бошлаган. Ўтган йиллар давомида давлат хавфсизлик органлари тузилмасида турли раҳбарлик лавозимларида ишлаган. 2009 йилда генерал-майор унвони билан Жамоат хавфсизлиги вазирлигининг биринчи бош хавфсизлик бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.
2010 йил августида То Лам жамоат хавфсизлиги вазири ўринбосари бўлди, 2016 йил апрелида эса вазир лавозимини эгаллади. 2019 йил бошида То Лам армия генерали унвони билан тақдирланди ва Вьетнам давлат хавфсизлик идоралари тарихида ушбу олий ҳарбий унвонга эга бўлган тўртинчи шахс бўлди.
LiveБарчаси