“Ўзтемирйўлйўловчи” жаримага тортилди
3-саҳифа
−
21 Август
6025“Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ ва “Шаҳар атрофида йўловчи ташиш” МЧЖ га нисбатан қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан молиявий жарима қўлланилди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, Рақобат қўмитаси томонидан “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ ва “Шаҳар атрофида йўловчи ташиш” МЧЖ фаолияти “Рақобат тўғрисида”ги ҳамда “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун ҳужжатларига асосан ўрганиб чиқилган.
Ўрганишларда “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ Фарғона филиали томонидан темир йўл вокзали станциялари бўйлаб 2023 йил давомида 606 380 та сотилган чипталардан воситачилик йиғим қиймати бўйича 660 млн сўмга яқин, “Шаҳар атрофида йўловчи ташиш” МЧЖ Фарғона филиали томонидан темир йўл вокзали (станциялари) бўйлаб 2024 йилнинг 1 январидан 24 июль кунигача 185 806 та сотилган чипталардан воситачилик йиғим қиймати бўйича 560 млн сўмга яқин, умумий ҳисобда жами 792 186 нафар истеъмолчилардан 1.3 млрд сўмга яқин ортиқча ҳақ ундирилганлиги аниқланган.
Юқоридагиларга асосан, ўрганиш натижасида Қўмита махсус комиссияси томонидан “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖга ва “Шаҳар атрофида йўловчи ташиш” МЧЖга шаҳарлараро ва шаҳар атрофида йўловчи ташиш бўйича Фарғона филиали томонидан ортиқча ундирилган тўловларни истеъмолчиларга қайтариши юзасидан кўрсатма берилиб, молиявий жарима қўлланилган. Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарё туман Ободонлаштириш бошқармаси ўтказган 954 млн сўмлик давлат харидларида қонунбузилиш ҳолати аниқланганди.
LiveБарчаси