“Ўзбошимчаликка асосланган”. Германия Бабарикога чиқарилган ҳукмга нима дейди?
Олам
−
07 Июль 2021
4815Германия ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Бэрбель Кофлер Беларусь президентлигига собиқ номзод Виктор Бабариконинг ҳукмини “ўзбошимчаликка асосланган” деб атади. Бу ҳақда Омбудсман баёнотига асосланиб хабар берилган.
“Виктор Бабариконинг суди якунида ўзбошимчалик билан чиқарилган ҳукм яна бир бор Беларусдаги режимнинг мухолифат сиёсатчиларига қарши ҳаракатларида ҳар қандай репрессия воситасида тўхтамаслигини кўрсатмоқда”, деган Кофлер.
Унинг сўзларига кўра, Бабарико қатъийлик кўрсатган ва қўрқитишга қарамай, айбини тан олмаган.
Баёнотда, шунингдек, “сиёсий ҳуқуқлардан фойдаланиш жиноят эмас” дейилган. Германия Федератив Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Минскни “сиёсий маҳбусларни” озод қилишга, қонун устуворлиги тамойилларига риоя этилишини таъминлашга ва халқаро мажбуриятларни бажаришга чақирган.
Маълумот ўрнида, Беларусь президентлиги учун собиқ номзод, “Белгазпромбанк”нинг собиқ раҳбари Виктор Бабарико 14 йилга озодликдан маҳрум этилганди. У катта миқдордаги пора олишда ва пул “ювиш”да айбланмоқда. Бабарико айбини тан олмаган ва судда кўрсатма беришдан бош тортган. Унинг барча шериклари эса ўз айбига иқрор бўлган.
Бабарико “Белгазпромбанк” раҳбари лавозимини ўтган йилнинг май ойида, президентлик сайловларида иштирок этиш тўғрисида қарор қабул қилиниши муносабати билан тарк этган. У ўз номзодини қўллаб-қувватлаш учун имзо тўплаган ва 18 июнь куни ҳибсга олинган. Июль ойида сайлов комиссияси Бабариконинг ноқонуний фаолияти ва декларацияда акс эттирилган ноқонуний даромадлари сабабли уни рўйхатдан ўтказишни рад этган. Бабарико билан биргаликда сайловолди штабининг раҳбари бўлган ўғли Эдуард ҳам ҳибсга олинган.
2020 йил 15 июнь куни Беларусь Миллий банки Бабарико ва бошқа топ-менежерларга қарши жиноий ишлар қўзғатилгандан сўнг “Белгазпромбанк”да вақтинчалик бошқарувни жорий қилган. 2020 йил ноябрда Президент Александр Лукашенко декабрь ойида “Белгазпромбанк”да янги маъмурият ташкил этилишини ва банк ўз фаолиятини давом эттиришини эълон қилган.
Беларусь мухолифатининг етакчиларидан бирига айланган Бабариконинг сайловолди штаби координатори, мусиқачи Мария Колесникова ўтган йил сентябрь ойида ҳибсга олинган.