Ўзбекистоннинг ялпи ташқи қарзи 82 млрд доллардан ошди
Жамият
−
02 Май 2175 2 дақиқа
2025 йилда Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 18 млрд долларга ошиб, 82,2 млрд долларга етди. Бу ҳақда Марказий банкнинг Ўзбекистон Републикаси тўлов баланси, халқаро инвестициявий мавқеи ва ташқи қарзи бўйича ҳисоботида келтирилган.
2026 йил 1 январь ҳолатига кўра, хориждан жалб қилинган давлат ташқи қарзи қолдиғи 40,5 млрд долларни ташкил этган. Давлат ташқи қарзи қолдиғининг ЯИМга нисбати пасайиш тенденциясини сақлаб қолиб, ҳисобот йили якунига кўра 2024 йилга нисбатан 0,4 фоиз бандга камайиб, 27,5 фоизни ташкил этган. Шунингдек, мазкур қарз маблағлари тўлиқ узоқ муддатли ва асосан имтиёзли шартлар асосида жалб қилинган.
Хўжалик субъектлари ва банклар томонидан норезидентлардан жалб қилинган корпоратив кредит ва қарз қолдиғи 41,7 млрд долларни ташкил этган (ЯИМга нисбатан 28,4 фоиз). Мазкур маблағларнинг 92 фоиздан ортиғи узоқ муддатли шартларда жалб қилинган.
Корпоратив ташқи қарз таркибида тўғридан-тўғри инвестиция киритган хорижий инвесторлардан жалб қилинган қарз маблағлари қолдиғи 6,5 млрд долларни, халқаро облигациялар жойлаштириш орқали жалб қилинган маблағлар қолдиғи эса 7,3 млрд долларни ташкил этган. Қолган қисми эса хусусий сектор, жумладан хўжалик субъектлари ва банклар томонидан инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, айланма маблағларни тўлдириш ва бизнес фаолиятини кенгайтириш мақсадларида давлат кафолатисиз жалб қилинган кредит ва қарзлар ҳисобига шаклланган.
Билдирилишича, Халқаро валюта жамғармаси ҳамда халқаро рейтинг агентликлари баёнотларида Ўзбекистоннинг ташқи қарз юки ўртача даражада эканлиги (асосан имтиёзли шартларда олинган) эътироф этилган. Бунда, корпоратив ташқи қарз бўйича давлат мажбурияти мавжуд эмас, улар бўйича тўловлар хўжалик субъектлари ҳамда банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 йилнинг тўққиз ойи якунларига кўра Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 75,4 млрд АҚШ долларга етгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинроқ, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги мамлакат ташқи қарзининг ўсиши юзасидан изоҳли материал эълон қилиб, маблағлар қандай соҳаларга ажратилаётгани ҳақида маълумот берди. Вазирликка кўра, бу ерда асосий тамойил оддий: инвестициялар ва ресурсларни жалб этишдан кўзланган мақсад – аҳолининг турмуш даражасини ошириш.
Live
Барчаси