Ўзбекистоннинг ташқи қарзи ўсиши бўйича изоҳ берилди
Жамият
−
10 Январь 4673 5 дақиқа
Аввалроқ, 2025 йилнинг тўққиз ойи якунларига кўра Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 75,4 млрд АҚШ долларга етгани ҳақида хабар берилган эди. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги мамлакат ташқи қарзининг ўсиши юзасидан изоҳли материал эълон қилиб, маблағлар қандай соҳаларга ажратилаётгани ҳақида маълумот берди.
Вазирликка кўра, бу ерда асосий тамойил оддий: инвестициялар ва ресурсларни жалб этишдан кўзланган мақсад – аҳолининг турмуш даражасини ошириш.
“Гап баландпарвоз ҳисоботлар ёки рақамлар эмас, балки одамлар кундалик ҳаётида ҳис қиладиган реал яхшиланишлар – иш ўринлари, оилалар даромади, инфратузилма, тоза ичимлик суви, энергия, транспорт ва сифатли ижтимоий хизматлар ҳақида кетмоқда”, дейилади изоҳда.
Қайд этилишича, ташқи молиялаштиришнинг иқтисодий мантиғи ҳам аниқ: иқтисодиёт тезроқ ўсиши учун ресурслар – капитал, технологиялар, ускуналар ва янги бозорлар зарур. Агар мамлакат ресурсларни жалб этишни тўхтатса, ўсиш секинлашади: камроқ иш ўринлари яратилади, йўллар ва ижтимоий инфратузилмани янгилаш, сув таъминотини кенгайтириш ва арзон энергияни таъминлаш қийинлашади.
Шу боис Ўзбекистон иқтисодиётни жадал ривожлантириш, ЯИМ ўсишини таъминлаш ва якуний натижада аҳолининг ҳаёт сифати ҳамда умр давомийлигини яхшилаш мақсадида инвестицияларни изчил равишда жалб этиб келмоқда. 2020 йилдан буён умр кўриш давомийлиги изчил ўсиб, 2024 йилда 73,4 ёшдан 75,1 ёшга етди.
“Шу билан бирга, одамлар учун шиорлар эмас, балки кўриш ва баҳолаш мумкин бўлган, аниқ ўлчанадиган реал натижалар муҳимдир”, дейилади изоҳда.
Кўрсаткич таркибига бўйича 2025 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг жами ташқи қарзи 75,4 млрд АҚШ долларини ташкил этган. Шундан 37,4 млрд доллар давлат ташқи қарзига тўғри келади. Қолган 38 млрд долларга яқини эса давлат кафолатисиз хусусий ва давлат корхоналарининг қарз мажбуриятлари (корпоратив қарз) ҳисобланади.
Изоҳда айтилишича, халқаро таснифга кўра Ўзбекистоннинг давлат қарзи даражаси мўътадил ва бошқариладиган ҳисобланади. 37,6 млрд доллар миқдоридаги давлат ташқи қарзи тахминан ЯИМнинг 26 фоизига тенг. Бу кўрсаткич жаҳон амалиётида макроиқтисодий барқарорлик учун потенциал хавфли деб баҳоланадиган чегаравий даражалардан анча паст.
Давлат қарзлари ҳисобидан амалга оширилган ишлар (2017-2025 йиллар):
- 1 564 км автомобиль йўллари реконструкция қилинган;
- 470 км темир йўл линиялари электрлаштирилган;
- 6 793 км ичимлик суви тармоқлари ва 664 км оқова сув тармоқлари қурилган;
- 96 км иссиқлик қувурлари, 1 286 та индивидуал иссиқлик пунктлари, 166 та сув тақсимлаш иншоотлари ва 31 та оқова сув насос станцияси барпо этилган;
- 2 737 МВт қўшимча электр қувватлари яратилган, 1 106 км юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари тортилган;
- қўшимча 2 084 МВт, 16 423 млн кВт·соат электр энергияси ва 551,8 минг Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Транспорт ва шаҳар хизматларини модернизация қилиш:
- 4 та Boeing 787-8 самолёти;
- 2 та Talgo-250 юқори тезликдаги йўловчи поездлари;
- 30 та электровоз;
- метрополитен учун 70 та вагон ва 29 та ҳаракат таркиби;
- 1 900 та автобус;
- 1 000 та тез тиббий ёрдам автомобили; маиший чиқиндиларни йиғувчи 541 та техника;
- 13 та иссиқлик қозони харид қилинган.
Таълим ва ижтимоий соҳа:
- 60 та олий таълим муассасасида 119 та ўқув ва илмий-тадқиқот лабораториялари ташкил этилган;
- 6 213 та давлат мактабгача таълим ташкилотлари мебель ва ўқув материаллари, 4940 офис техникаси билан жиҳозланган.
Қишлоқ ва сув хўжалиги:
- 1 593,1 км каналлар қайта тикланган;
- 3 396 та гидроиншоот модернизация қилинган;
- 423 та тик қудуқ қурилган;
- 2,2 минг гектарда замонавий иссиқхоналар ва 12,6 минг гектарда интенсив боғлар барпо этилган;
- сиғими 334,9 минг тонна бўлган музлатгич омборлари қурилган;
- 258,2 минг тонна маҳсулотни қайта ишлаш қувватига эга корхоналари ишга туширилган;
- паррандачиликда 12,3 млн бош, қўйчиликда 5 752 бош ва чорвачиликда 26,3 минг бошга мўлжалланган хўжаликлар, шунингдек, 90,2 млн дона тикувчилик ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилган.
Билдирилишича, бу маълумотлар шу пайтгача лойиҳаларни амалга ошириш учун ўзлаштирилган қарз маблағларига тааллуқли. Инфратузилма ва ижтимоий соҳани модернизация қилиш бўйича кўплаб лойиҳалар ҳозир ҳам давом этмоқда ва ишлар якунлангани сари қўшимча самаралар беради.
Қайд этилишича, 2017-2025 йилларда амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар натижасида 2 миллиондан ортиқ иш ўринлари яратилган, экспорт ҳажми 270 фоизга ошган, жон бошига ЯИМ эса 418 фоизга кўпайган.
“Бироқ энг муҳим жиҳат шундаки, ресурсларни жалб этиш фақат қатъий қоидалар, шаффофлик ва самарали назорат асосида амалга оширилиши лозим. Давлат раҳбари ўз мурожаатида алоҳида таъкидлаганидек, парламент депутатлари лойиҳаларнинг бутун ҳаётий циклини – танлов ва конкурслардан тортиб, уларни амалга ошириш ҳамда якуний натижаларгача – кузатиб боради. Лойиҳаларнинг ҳолати, босқичлари ва жараёнлари реал вақт режимида эълон қилиб борилади, бу эса танлов ва тендерлар қандай ўтаётгани ҳамда мажбуриятлар қандай бажарилаётганини аниқ кўриш имконини беради”, дейилади изоҳда.
Билдирилишича, Ўзбекистоннинг инвестицияларга ёндашуви ниҳоятда аниқ: мамлакатнинг ўсиши учун ресурслар зарур, шу билан бирга аҳоли манфаатларига хизмат қиладиган қатъий назорат, шаффофлик ва ўлчанадиган натижалар таъминланиши лозим. Барча жараёнлар айнан шу тамойиллар асосида – очиқ, босқичма-босқич ва аниқ масъулият доирасида олиб борилмоқда.
Маълумот учун, 2025 йилнинг 9 ойи давомида давлат қарзи 10 фоиздан кўпроқ, корпоратив қарз 27 фоизга яқин ошган. Хориждан жалб қилинган давлат қарзи қолдиғининг чораклик ўсиш суръатларида сезиларли пасайиш кузатилган. Жумладан, 1 чоракда кўрсаткич 5,7 фоизга, ІІ чоракда 3 фоизга ўсган бўлса, III чоракда ўсиш 1,2 фоизни ташкил этган.
Live
Барчаси