Ўзбекистоннинг яқин қўшнисида куйдирги аниқланди
Олам
−
27 Февраль 7348 1 дақиқа
Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида 75 ёшли шахсда куйдирги (Сибир яраси) касаллиги аниқланди. Шу муносабат билан шифокорлар ва санитария хизматлари шаҳар аҳолисига мурожаат қилди. Бу ҳақда “Казинформ” хабар берди.
Нашрнинг соғлиқни сақлаш бошқармасига таяниб ёзишича, эркак жорий йилнинг 17 февраль куни шифохонага ётқизилган.
“Бемор текширувдан ўтмоқда ва тасдиқланган клиник протоколга мувофиқ даволанмоқда. Унинг аҳволи шифокорларнинг доимий назорати остида”, дейилади идора хабарида.
Ижтимоий тармоқларда касалланган гўшт Чимкентга Туркистон вилоятининг Сайрам туманидан етказиб берилган бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумотлар тарқалди. Ҳозирда мутахассислар ушбу тумандаги чорва сўйиш пунктларини текширмоқда.
Зарарланган гўшт олиб келингани айтилаётган Чимкентдаги бозор маъмурияти ушбу маҳсулот пештахталарга тушгани ҳақидаги хабарларни қатъиян рад этган. Улар сотувга чиқаришдан олдин ҳамма нарса синчиклаб текширилишига ишонтирмоқда.
Шу билан бирга, шифокорлар ва санитария хизматлари аҳолини эҳтиёт чораларини кўришга ҳамда гўшт маҳсулотларини фақат ветеринария назорати йўлга қўйилган расмий савдо нуқталаридан сотиб олишга чақирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг июль ойида ҳам Қозоғистоннинг Ақмола вилояти Отбосар туманидаги икки қишлоқ куйдирги аниқлангани сабабли карантинга ёпилганди.
Live
Барчаси