Ўзбекистоннинг Ташқи сиёсат фаолияти концепцияси янгиланади
Таҳлил
−
15 Январь 1537 2 дақиқа
Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсат фаолияти концепциясини янгилаб, унинг устувор йўналишларини қайта кўриб чиқиш, миллий манфаатларни ҳимоя қилиш ва халқаро майдонда мамлакатимизнинг ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган аниқ вазифаларни белгилаб олиш зарур. Бу ҳақда бугун, 15 январь куни Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти юзасидан видеоселектор йиғилишида айтилди.
Қайд этилишича, жаҳонда бўлаётган геосиёсий ўзгаришлар, халқаро муносабатлар тизимидаги беқарорлик, минтақавий қарама-қаршиликлар ва глобал иқтисодий трансформациялар ҳар бир давлатдан ташқи сиёсатни доимий равишда қайта кўриб чиқишни, уни миллий манфаатлар ва замон талабларига мослаштириб боришни тақозо қилмоқда.
“Сўнгги йиллардаги очиқ, прагматик ва мувозанатли ташқи сиёсатимиз натижасида Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрни ва нуфузи ошиб бормоқда.
Шу билан бирга, глобал хавфсизлик архитектурасидаги ўзгаришлар, янги иқтисодий иттифоқлар, савдо йўналишлари, технологиялар ва энергия бозорларидаги трансформациялар ташқи сиёсатимиздан янада фаол, аниқ мақсадли ва натижага йўналтирилган ёндашувни талаб этмоқда”, дейди Президент.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсат фаолияти концепциясини янгилаб, унинг устувор йўналишларини қайта кўриб чиқиш, миллий манфаатларни ҳимоя қилиш ва халқаро майдонда мамлакатимизнинг ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган аниқ вазифаларни белгилаб олиш зарурлиги таъкидланган.
“Янги концепция мамлакатимизнинг узоқ муддатли стратегик мақсадларини, ички ислоҳотларимиз мантиғини, иқтисодий дипломатия, хавфсизлик, инвестиция, экспорт, транспорт-логистика, сув ва иқлим масалаларидаги миллий манфаатларимизни яхлит ва ўзаро боғлиқ ҳолда акс эттириши лозим”, дейди давлат раҳбари.
Ишларни самарали ташкил қилиш учун элчихоналарнинг ҳар бирига қўшимча маблағ берилиши белгиланди. Дипломатларнинг хизматларини муносиб эътироф этиш мақсадида “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган дипломат” фахрий унвонини таъсис этиш таклиф этилган.
Эслатиб ўтамиз, 13 январь куни Хавфсизлик кенгашининг Президент раислигида бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишида Ўзбекистоннинг Мудофаа доктринаси ва Миллий хавфсизлик концепцияси ўзгариши айтилган эди.
Live
Барчаси