Ўзбекистон Сурияга элчи тайинлади
Жамият
−
11:30 757 2 дақиқа
Ўзбекистоннинг Суриядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аюбхон Юнусов Сурия Ташқи ишлар вазири Асад Ҳасан аш-Шайбонийга ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, учрашув давомида Сурия Ташқи ишлар вазири Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон билан муносабатларни ривожлантиришга катта аҳамият қаратишини таъкидлаган.
Томонлар икки мамлакат ўртасидаги сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда ўзаро манфаатли алоқаларни янада фаоллаштириш масалаларини муҳокама қилган.
Суҳбат давомида Ўзбекистон – Сурия Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўмитасини тузиш, шунингдек, икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар механизмини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Шунингдек, Сурия томони ўтган йилларда Ўзбекистон томонидан кўрсатилган ёрдам ва кўмакни юксак қадрлаши қайд этилган.
Сурия томони Ўзбекистон билан муносабатларни янада фаоллаштиришга тайёрлигини билдириб, ҳамкорликнинг турли йўналишлари бўйича Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган таклиф ва ташаббусларни кўриб чиқиш ҳамда уларни амалга оширишга кўмаклашишга тайёрлигини маълум қилган.
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон ва Сурия ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йил 24 мартда ўрнатилган. Кейинги йилларда икки давлат ўртасидаги алоқалар асосан халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик, гуманитар ва хавфсизлик масалалари билан боғлиқ бўлиб келган.
2011 йилда Сурияда қуролли можаро бошланганидан кейин Ўзбекистон мамлакатнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаб, инқирозни тинч йўл ва сиёсий мулоқот орқали ҳал этиш тарафдори бўлиб келган.
Икки давлат муносабатларида гуманитар ҳамкорлик ҳам алоҳида ўрин тутади. 2019–2021 йилларда Ўзбекистон томони Суриядаги можаролар туфайли оғир вазиятда қолган ўзбекистонлик аёллар ва болаларни юртга қайтариш бўйича бир қатор “Меҳр” гуманитар операцияларини амалга оширган. Бу жараёнларда юзлаб Ўзбекистон фуқаролари Суриядан эвакуация қилинган.
Маълумот учун, Айюбхон Юнусов Имом ал-Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, Мисрдаги “Ал-Азҳар” университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган.
У 2003 йилдан буён Ташқи ишлар вазирлиги тизимида турли лавозимларда фаолият юритган. Жумладан, вазирлик марказий аппарати, Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси, Жидда шаҳри ва Бирлашган Араб Амирликларидаги Дубай Бош консуллигида ишлаган.
Юнусов 2024 йил 6 февраль куни Ўзбекистоннинг Қувайтдаги элчиси этиб тайинланган. Унга қадар Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаментида бошқарма бошлиғи лавозимида фаолият юритган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг Беларусдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Нуриддин Мамажонов Беларусь Президенти Александр Лукашенкога ишонч ёрлиқларини топширгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси