Ўзбекистоннинг Беларусдаги янги элчиси Лукашенкога ишонч ёрлиқларини топширди
Local
−
30 July 1425 1 minute
Ўзбекистоннинг Беларусдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Нуриддин Мамажонов Беларусь Президенти Александр Лукашенкога ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Маросимда Ўзбекистон элчиси билан бир қаторда Бразилия, Перу, Мўғулистон, Жанубий Корея, Мьянма, Саудия Арабистони, Ливия ва Руанданинг янги тайинланган элчилари ҳам иштирок этган.
Янги дипломатик миссиялар раҳбарларига мурожаат қилган Александр Лукашенко Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги муҳим ўрнини алоҳида таъкидлаган. Унинг қайд этишича, ўтган ой Ўзбекистон Президенти томонидан Беларусга амалга оширилган тарихий ташриф икки давлат ўртасидаги муносабатларни стратегик шериклик даражасига олиб чиқиб, ҳамкорлик ривожида янги босқични бошлаб берган.
Суҳбат давомида томонлар барча даражалардаги очиқ ва ишончли мулоқот савдо-иқтисодий ҳамда инвестициявий лойиҳаларни жадаллаштиришга, шунингдек, эришилган келишувларни тез фурсатда амалга оширишга хизмат қилаётганини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 июль куни инвестиция ҳамда ташқи савдо масалаларига бефарқлиги айтилган Ўзбекистоннинг Беларусдаги элчиси Раҳматулла Назаров лавозимидан озод этилган эди.
27 июль куни эса Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Нуриддин Мамажонов Ўзбекистоннинг Беларусдаги янги элчиси этиб тайинланди.