Ўзбекистоннинг Словениядаги биринчи элчиси тайинланди
Жамият
−
25 Октябрь
1727Ўзбекистоннинг Словениядаги биринчи элчиси Ойбек Шахавдинов кеча, 24 октябрда Словения Ташқи ва Европа ишлари вазирлигида дипломатик протокол бошқармаси бошлиғи Наташа Прахга ишонч ёрлиқларининг нусхасини топширди. Бу ҳақда Венгриядаги Ўзбекистон элчихонаси хабар берди.
Ўзаро суҳбатда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболлари муҳокама қилинди.
Маълумот учун, 46 ёшли дипломат Бирмингем университети (Буюк Британия), Тошкент давлат юридик университети (магистратура), Москва давлат халқаро муносабатлар институтининг таржимонлар тайёрлаш курсини тамомлаган. Ойбек Шахавдинов меҳнат фаолиятини Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида бошлаган, сўнгра ТИВнинг Европа давлатлари билан ҳамкорлик бошқармасида референтликдан бошқарма бошлиғи сингари дипломатик хизматнинг барча босқичларини босиб ўтган. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Брюсселдаги элчихонасида ишлаган.
Шахавдинов инглиз, рус ва француз тилларини мукаммал билади. У Ўзбекистоннинг қароргоҳи Будапешт шаҳрида жойлашган Венгриядаги биринчи элчиси ҳам саналади. Бу лавозимга у жорий йилнинг март ойида тайинланганди.
Эслатиб ўтамиз, 23 октябрь куни Ўзбекистоннинг элчиси Ойбек Шахавдинов Хорватия Ташқи ва Европа ишлари вазирлиги протокол бошқармаси бошлиғи Мирта Еленц Жупанга ҳам ишонч ёрлиқларининг нусхасини топширганди. Шу билан у Ўзбекистоннинг Хорватиядаги биринчи элчиси бўлди.