Ўзбекистоннинг Хорватиядаги биринчи элчиси тайинланди
Жамият
−
23 Октябрь
2128Ойбек Шахавдинов Ўзбекистоннинг Хорватиядаги биринчи элчиси (қароргоҳи Будапештда) этиб тайинланди. Бу ҳақда Венгриядаги Ўзбекистон элчихонаси хабар берди.
Бугун, 23 октябрь куни Ўзбекистоннинг элчиси Ойбек Шахавдинов Хорватия Ташқи ва Европа ишлари вазирлиги протокол бошқармаси бошлиғи Мирта Еленц Жупанга ишонч ёрлиқларининг нусхасини топширди. Суҳбат давомида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг келажаги муҳокама қилинди.
46 ёшли дипломат Бирмингем университети (Буюк Британия), Тошкент давлат юридик университети (магистратура), Москва давлат халқаро муносабатлар институтининг таржимонлар тайёрлаш курсини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида бошлаган, сўнгра ТИВнинг Европа давлатлари билан ҳамкорлик бошқармасида референтликдан бошқарма бошлиғи сингари дипломатик хизматнинг барча босқичларини босиб ўтган. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Брюсселдаги элчихонасида ишлаган.
Шахавдинов инглиз, рус ва француз тилларини мукаммал билади. У Ўзбекистоннинг қароргоҳи Будапешт шаҳрида жойлашган Венгриядаги биринчи элчиси ҳам саналади. Бу лавозимга у жорий йилнинг март ойида тайинланганди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Раҳматулла Нуримбетов Ўзбекистоннинг Швециядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланганди.