Ўзбекистоннинг Исландиядаги илк элчиси тайинланди

Олам

image

Ўзбекистоннинг Исландиядаги биринчи Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Равшан Усмонов бугун, 7 февраль куни Исландия Президенти Халла Томасдоттирга ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.

Расмий маросимдан сўнг бўлиб ўтган мулоқотда Президент Томасдоттир икки томонлама муносабатлар тарихида илк бор Ўзбекистон элчисининг ушбу мамлакатга тайинланиши охирги йилларда Ўзбекистон Президенти томонидан олиб борилаётган очиқ ва прагматик ташқи сиёсатнинг натижаси эканини таъкидлади.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Исландия ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари бўйича фикр алмашилди. Савдо-иқтисодий, маданий ва туризм соҳаларида алоқаларни жадаллаштириш масалаларига эътибор қаратилди.

Исландия етакчиси энергетика, юқори технологиялар ва рақамлаштириш, балиқчилик, туризм ҳамда атроф-муҳитни ҳимоя қилиш каби соҳалардаги ҳамкорлик икки томонлама манфаатли бўлишини таъкидлади.

Маълумот учун, Равшан Усмонов Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат юридик университети ва Бирмингем университети (Буюк Британия)ни битирган.

2000 йилдан ташқи сиёсат бўлимида иш бошлаган, марказий аппаратда ва Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчихонасида турли лавозимларда фаолият юритган.

Кейин у Ташқи ишлар вазирлигининг Европа давлатлари ва НАТО билан ҳамкорлик бўйича дирекциясини бошқарган. Франциядаги элчи, шунингдек, Италия ва Португалиядаги ўриндошлик асосидаги элчи лавозимида фаолият кўрсатган. 2018 йилдан 2023 йилгача Усмонов Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси бўлиб ишлаган. У айни пайтда Буюк Британиядаги элчи ҳам ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Манчестер Сити” клубининг ўзбекистонлик футболчиси Абдуқодир Ҳусанов Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчиси Равшан Усмонов билан учрашганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Исландия Равшан Усмонов Халла Томасдоттир

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг