Ўзбекистоннинг эҳтимолий рақиби қоидабузарликда айбланмоқда
Спорт
−
11:00 1208 2 дақиқа
Нигерия футбол федерацияси (НФФ) FIFA’га расмий шикоят билан мурожаат қилиб, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг эҳтимолий рақиби Конго Демократик Республикасини 2026 йилги Жаҳон чемпионати плей-офф босқичида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлмаган футболчиларни майдонга туширганликда айблади. Бу ҳақда “Thestar” нашри хабар берди.
НФФ бош котиби Муҳаммад Санусининг таъкидлашича, Конго футбол ассоциацияси FIFA’га чалғитувчи маълумотлар тақдим этган ҳамда Конго ДР фуқаролиги тўғрисидаги қонунларни бузган футболчиларга мусобақада иштирок этишга рухсат берган.
“Конго ДР қонунчилигига кўра, икки фуқаролик тан олинмайди, аммо уларнинг терма жамоаси сафидаги бир нечта футболчилар бир вақтнинг ўзида ҳам Конго, ҳам Европа давлатлари паспортларига эга. Бу эса уларни миллий қонунларга кўра мусобақада қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум қилади”, деди НФФ расмийси.
Сануси ушбу футболчиларнинг рўйхатдан ўтказилишини “сохта” деб атаб, FIFA чалғитилганини таъкидлади. Унинг айтишича, халқаро ташкилот футболчиларни тақдим этилган ҳужжатлар асосида рўйхатдан ўтказган.
“FIFA қоидаларига кўра, амалдаги паспорт футболчининг мусобақада иштирок этиши учун етарли ҳисобланади. Бизнинг хавотиримиз шундаки, Конго Демократик Республикаси футбол федерацияси ёлғон ёки тўлиқ бўлмаган маълумот тақдим этган”, деди Сануси.
Маълумот учун, Конго ДР плей-офф финалида Нигерияни пенальтилар сериясида 4:3 ҳисобида мағлуб этиб, конфедератсиялараро плей-офф йўлланмасини қўлга киритган. Эндиликда улар 2026 йилги Жаҳон чемпионати йўлланмаси учун Ямайка ва Янги Каледония ўртасидаги баҳс ғолиби билан тўқнаш келади. Ғолиб жамоа эса Жаҳон чемпионатида Португалия, Колумбия ва Ўзбекистон билан бирга “К” гуруҳидан жой олади.
Live
Барчаси