Ўзбекистоннинг давлат қарзи қанчалиги очиқланди
Жамият
−
17 Август 2023
34305Ўзбекистоннинг давлат қарзи қолдиғи 2023 йил 1 январь ҳолатига кўра 29,2 миллиард долларни ташкил этди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистоннинг давлат қарзи қолдиғи 2023 йил 1 январь ҳолатига кўра 29,2 миллиард долларни (шундан, ташқи қарз – 25,9 миллиард доллар, ички қарзи – 3,3 миллиард доллар) ёки ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 36,4 фоизни ташкил этди.
Хусусан, давлат қарзининг ЯИМга нисбати 2021 йил бошидаги 39,0 фоиздан (2021 йил якунида 38,0 фоиз) 2022 йил якунигача 36,4 фоизга пасайган.
Халқаро валюта жамғармасининг мамлакатлар иқтисодиётига бағишланган ҳисоботига кўра, Ўзбекистоннинг давлат қарзи бугунги кунда “мўътадил” даражада ҳисобланади.
Унга кўра, давлат қарзи 2022 йил давомида 2,9 миллиард долларга ошган бўлса-да, АҚШ доллари ҳисобида ялпи ички маҳсулот тез суръатларда, яъни 11,1 миллиард долларга ўсганлиги туфайли давлат қарзининг ЯИМга нисбати пасайган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев томонидан “Давлат қарзи тўғрисида”ги қонун имзоланган эди. Қонун билан Ўзбекистонда Давлат қарзи ялпи ички маҳсулотнинг 60 фоизидан ошмаслиги белгиланган.
LiveБарчаси