Муҳим! Ўзбекистон давлат қарзининг чегарасини белгилади
Жамият
−
01 Май 2023
16787Ўзбекистонда Давлат қарзи ялпи ички маҳсулотнинг 60 фоизидан кўп бўлмаслиги керак этиб белгиланди. Бу бўйича “Давлат қарзи тўғрисида”ги Қонун Президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланди.
Қонун билан давлат органларининг давлат қарзини бошқариш соҳасидаги ваколатлари белгиланди. Унга кўра, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги давлат қарзини бошқариш соҳасидаги ваколатли орган ҳисобланади.
Қонунга кўра, давлат қарзини бошқариш қуйидагилардан иборат:
- давлат қарзини бошқариш стратегиясини ишлаб чиқиш;
- давлат томонидан маблағ жалб этиш;
- давлат томонидан жалб қилинган маблағларни бошқариш;
- давлат қарзи билан боғлиқ хатарларни бошқариш;
- давлат қарзини реструктуризация (структурасини ўзгартириш) қилиш;
- давлат томонидан жалб қилинган маблағларни қайтадан кредитлаш;
- давлат кафолатини расмийлаштириш ва тақдим этиш;
- давлат қарзига оид шартномаларни ва давлат кафолатларининг рўйхатини юритиш;
- давлат қарзининг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш;
- давлат қарзи бўйича хизмат кўрсатилишини таъминлаш ва давлат кафолатларини бажариш.
Шунга кўра, давлат қарзини бошқариш стратегияси Вазирлар Маҳкамаси томонидан фискал стратегия билан биргаликда 3 йил муддатга тасдиқланади.
Давлат қарзи ички ва ташқи қарзни ўз ичига олади ҳамда қисқа (1 йилгача), ўрта (1 йилдан 5 йилгача), узоқ муддатли (5 йил ва ундан ортиқ муддатга) бўлиши мумкин.
Белгиланишича, давлат қарзининг энг юқори миқдори ялпи ички маҳсулотнинг йиллик прогноз кўрсаткичига нисбатан 60 фоиздан ошмаслиги керак.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач, кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон давлат қарзи 2022 йилда рекорд даража – 29,2 млрд долларни ташкил қилган. Ўтган йилнинг тўртинчи чорагида давлат қарзи ялпи ички маҳсулотга нисбатан 36,4 фоизга етган.
LiveБарчаси