Ўзбекистоннинг Черногориядаги биринчи элчиси тайинланди
Олам
−
27 Ноябрь
1348Ўзбекистоннинг Венгрия, Хорватия ва Словениядаги элчиси бўлган Ойбек Шахавдинов Черногориядаги биринчи Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Шахавдинов жорий йилнинг 25 ноябрь куни Черногория Президенти Яков Милатовичга ишонч ёрлиқларини топширган.
Президент қароргоҳида бўлиб ўтган тантанали маросимдан сўнг ўтказилган мулоқот чоғида Ўзбекистон-Черногория муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, уларни янги сифат босқичига олиб чиқиш бўйича келажакдаги вазифалар муҳокама қилинган. Президент Яков Милатович икки томонлама муносабатлар, хусусан, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий соҳалардаги салоҳиятни юқори баҳолаган. У сайёҳлик ва гуманитар алмашинувлар учун қулай шароитлар яратиш муҳимлигини таъкидлаган.
46 ёшли дипломат Бирмингем университети (Буюк Британия), Тошкент давлат юридик университети (магистратура), Москва давлат халқаро муносабатлар институтининг таржимонлар тайёрлаш курсини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида бошлаган, сўнгра ТИВнинг Европа давлатлари билан ҳамкорлик бошқармасида референтликдан бошқарма бошлиғи сингари дипломатик хизматнинг барча босқичларини босиб ўтган. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Брюсселдаги элчихонасида ишлаган. Шахавдинов инглиз, рус ва француз тилларини мукаммал билади.
Маълумот учун, Ўзбекистон ва Черногория ўртасидаги дипломатик муносабатлар 2006 йил 19 декабрь куни ўрнатилган.
Эслатиб ўтамиз, Ойбек Шахавдинов жорий йилнинг март ойида Ўзбекистоннинг Венгриядаги биринчи элчиси этиб тайинланганди. Шунингдек, октябрь ойида Хорватия ва Словениядаги илк элчиси бўлганди.
LiveБарчаси