Ўзбекистоннинг биронта фуқароси ўз ҳолига ташлаб қўйилмайди – Мирзиёев
Жамият
−
31 Август 2020
8260Кўксарой қароргоҳида бугун, 31 август куни Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.
Президент Шавкат Мирзиёев халқимизни миллий айём билан табриклади.
“Биз қандай таҳликали ва суронли даврларни бошимиздан кечирмайлик, қандай ютуқ ва натижаларга эришган бўлмайлик, мустақиллик ғояси, истиқлол руҳи бизга доимо тоғдек таянч бўлмоқда. Бугун чексиз ифтихор билан айта оламизки, донишманд халқимизнинг узоқни кўра олиши, бирдамлиги ва фидойи меҳнати билан барча синовлардан муносиб ўтиб келмоқдамиз. Шу нуқтаи назардан, бизнинг инсоний қадр-қимматимизни, ғурур ва шаънимизни, дину диёнатимизни, миллий давлатчилигимизни тиклаб берган Мустақиллик куни Ватанимизнинг шонли тарихида ҳамиша энг ёрқин саҳифа бўлиб қолади”, деди Шавкат Мирзиёев.
Кейинги йилларда тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйилаётгани, янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилаётгани қайд этилди.
“Кенг жамоатчилик, эл-юртимиз барча ижобий ўзгаришларнинг ташаббускори ва бунёдкорига айланмоқда”, дейди Президент.
Жаҳонда юзага келган коронавирус пандемияси ва иқтисодий инқироз, Бухоро ва Сирдарё вилоятларида рўй берган табиий ва техноген офатлар жорий йилда жиддий синов бўлди. Шу мураккаб вазиятда ғоят муҳим иккита вазифа – яъни аҳолининг соғлиғи ва ҳаётини асраш ҳамда иқтисодиётимизни тиклаш, одамларга ишлаб даромад топиши учун шароит яратиш бир пайтнинг ўзида ҳал этилмоқда.
“Ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги керак: қанчалик қийин бўлмасин, қанча маблағ ва имконият талаб этилмасин, Ўзбекистоннинг биронта фуқароси ўз ҳолига ташлаб қўйилмайди”, дея таъкидлади давлат раҳбари.
Карантин чекловларига қарамай, саноат ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш изчил давом эттирилди. Мамлакатимиз корхоналари белгиланган режаларни бажармоқда. Йил бошидан буён 9 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилишга эришилди. Бу йил республикамизда биргина саноат соҳасида умумий қиймати 11 миллиард доллар бўлган лойиҳалар ишга туширилиши қайд этилди. Тадбиркорлик, илм-фан, таълим, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар натижаларига тўхталиб ўтилди.
Шавкат Мирзиёев қўшма дастур ва лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда пандемия оқибатларини юмшатиш борасида кўрсатган ёрдамлари учун Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё инфратузилма инвестициялар банки ва бошқа ташкилотларга миннатдорлик билдирди. Халқимизни Мустақиллик байрами билан қутлаётган ҳамкор давлатлар халқларига тинчлик-омонлик ва фаровонлик тилади.
“Мен турли синов ва курашларда тобланган, иймон-иродаси мустаҳкам халқимизнинг ақл-заковати ва азму шижоатига ишонаман. Мана шундай буюк инсоний фазилатлар соҳиби бўлган, айниқса, бугунги синовли кунларда ўзининг матонати ва ҳамжиҳатлиги билан чинакам жасорат кўрсатаётган қаҳрамон халқимизга фарзандлик меҳри ва садоқати билан бош эгиб таъзим қиламан”, деди Шавкат Мирзиёев.
Коронавирус пандемияси туфайли бу йил Мустақиллик байрами ихчам шаклда, онлайн режимда ўтказилди. Кўксаройдаги маросим телевидение орқали тўғридан-тўғри намойиш этилди.