Ўзбекистонлик тиббий отряд Туркиядан қайтди (фото)
Жамият
−
06 Март 2023
5804Туркияда 24 кун давомида зилзила оқибатларини бартараф этишда иштирок этган Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг малакали ҳарбий хизматчилари Тошкентга қайтиб келди. Бу ҳақда вазирлик Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 6 март куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Мудофаа вазирлигининг тиббий отряди ходимларини оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик вакиллари, мудофаа вазирининг ўринбосари ва бошқа расмийлар кутиб олган.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан жорий йилнинг 8 февраль куни Мудофаа вазирлигининг малакали ҳарбий хизматчиларидан иборат тиббий отряди зилзилалар оқибатларини бартараф этишда ёрдам бериш ҳамда зилзиладан жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Туркия Республикасига жўнаб кетган эди.
Ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар қарийб бир ой давомида зилзилалардан жабр кўрган турк халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатиб, оғир дамларда қўллаб-қувватлаб, уларга камарбаста бўлган. Шу вақт давомида ҳарбий хизматчилар жами 3860 нафар фуқарога тиббий ёрдам кўрсатган. Қутқарилганларнинг 1795 нафари эркаклар, 1177 нафари аёллар ва 888 нафарини эса болалар ташкил этган.
Аввалроқ, жорий йилнинг 25 февраль куни Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қутқарув отряди Ўзбекистонга қайтган эди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 6 февраль куни Туркиянинг жанубий-шарқий вилоятларида даҳшатли зилзилалар юз берди. Оқибатда зилзила қурбонлари сони 44 мингдан ошган эди. Ўзбекистон Президенти топшириғига кўра, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 100 кишидан иборат қидирув-қутқарув гуруҳи табиий офат ўчоғи, яъни Ҳатай вилоятига жўнатилди. Отряд иштирокидаги қутқарув операцияси 2 ҳафтадан кўпроқ давом этди ва шу вақт ичида қутқарувчи йигитлар вайроналар остидан 18 нафар тирик одам ва 200 га яқин жасадларни олиб чиқди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь