Ўзбекистонлик курашчилар халқаро турнирда 3 та медални қўлга киритди
Спорт
−
27 Февраль 2023
3393Жорий йилнинг 23–26 февраль кунлари Мисрда спорт курашлари бўйича халқаро мусобақа бўлиб ўтди. Турнирда ўзбекистонлик спортчилар ҳам иштирок этиб, совриндорлар қаторидан жой олди. Бу ҳақда Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон жамоасига турнирдаги дастлабки медални -125 кг вазн тоифасида Ҳасанбой Раҳимов келтирди. Раҳимов илк босқичда польшалик Камил Косёлекка мағлуб бўлди. Поляк курашчиси финалгача етиб боргач, ўзбекистонлик спортчида бронза медали учун имконият пайдо бўлди ва у бундан унумли фойдаланди. Аҳамиятлиси, Раҳимов ўтиш босқичида ушбу вазндаги бошқа бир Ўзбекистон вакили Сардорбек Холматовни, бронза медали учун курашда эса хитойлик Бенхин Дуанни мағлуб этишга муваффақ бўлди.
Турнир якунида Ўзбекистон терма жамоаси 3 та бронза медалини қўлга киритди. Мусобақанинг сўнгги кунида ўзбекистонлик курашчилар 2 та бронза медалига сазовор бўлди. -65 кг вазн тоифасида ярим финалга етиб борган Умиджон Жалолов ушбу босқичда арманистонлик Вазген Теванянга имкониятни бой бериб қўйди. Бироқ бронза медали учун баҳсда грузиялик Эдеми Болквадзедан устун келди.
Шунингдек, Токио-2020 Олимпиадаси совриндори Бекзод Абдураҳмонов ҳам бронза медалга эга чиқди. Абдураҳмонов арманистонлик Арман Авагянни мағлубиятга учратиб, шоҳсупанинг 3-поғонасидан жой олди.