Ўзбекистонлик фоҳиша қиз ҳақидаги фильм Канн фестивалида мукофотланди
Маданият-санъат
−
12 Июнь
77410Америкалик режиссёр томонидан суратга олинган ўзбекистонлик фоҳиша қиз ҳақидаги фильм 77-Канн кинофестивалида “Олтин пальма япроғи” билан тақдирланди.
Фильмнинг бош қаҳрамони фоҳишалик билан шуғулланадиган ўзбек қизи сифатида тасвирланади. Кино бир неча кундан буён турли мунозараларга сабаб бўляпти. IMDb рейтингида эса 7,5 балл билан баҳоланган. Қайд этиш жоизки, ушбу рейтингда фильмларнинг 7 дан баланд баҳоланиши яхши кўрсаткич.
Фильмнинг номи ҳам ўзбек қизининг исми билан аталган – “Анора”. Америкалик режиссёр Шон Бейкернинг ушбу киноси комедик-драма жанрида суратга олинган. Бош ролларни Майки Медисон, Марк Эйделштейн ва Юра Борисов ижро этган.
Фильмнинг премьераси 2024 йил 21 май куни 77-Канн кинофестивалида бўлиб ўтди. Томошабинлар намойиш тугаганидан кейин 9 дақиқа давомида фильм ижодкорларини олқишлади. Натижада кино 25 май куни “Олтин пальма япроғи” билан тақдирланди.
Кинодаги воқеалар Американинг Бруклин округида бўлиб ўтади. Бош қаҳрамон Анора ўзини Ани деб таништиради. Ўзбек миллатига мансуб 23 ёшли бу қиз тунги клубда раққоса ва фоҳиша бўлиб ишлайди. Ани клубда рус майори Ваня билан учрашади ва рус тилида суҳбатлашади. Ваня қизни ҳашаматли уйга олиб келади. Ёшлар у ерда спиртли ичимликлар истеъмол қилади ва PlayStation ўйнайди. Кейинроқ Ваня бадавлат рус олигархининг ўғли экани маълум бўлади. Сўнгра рус йигити тўсатдан Анига Лас-Вегасга учиб кетиш ва турмуш қуришни таклиф қилади. Сўзларининг исботи сифатида қизга тўрт каратли олмосли узукни совға қилади. Ани бунга рози бўлади, аммо Золушка ҳақидаги эртакни эслатувчи бу ҳикоя бахтли якун билан тугамайди. Ўғлининг ниятидан хабар топган олигарх ва унинг аёли ўғлини никоҳни бекор қилишга кўндириш учун дарҳол Россиядан Нью-Йоркка учиб келади.
Фильм ҳали катта экранларга чиқмаган. Аммо кинотанқидчилар ўз фикрларини билдиришни бошлади. Хусусан, россиялик таниқли киношунос Сергей Сичёв режиссёр Шон Бейкернинг ушбу фильмини танқид қилди. Мутахассиснинг фикрича, фильм бугунги реал ҳаётга нисбатан “оддий ва содда кўринади”.
"Агар у 30 йил олдин суратга олинганида эди, жуда долзарб аҳамиятга эга бўларди", дейди Сичёв
Унинг қўшимча қилишича, фильм томошабинга деярли Россия ҳақида ҳеч қандай тушунча бермайди. Шу сабабдан ҳам киношунос фильмга бош қаҳрамонлардан бири сифатида айнан рус йигити танланганини объективликдан йироқ, деб ҳисоблайди. Унинг билдиришича, бу воқеа нафақат рус қаҳрамони, балки бошқа ҳар қандай одам билан содир бўлиши мумкин эди – ҳамма жойда бойлар бор, уларнинг болалари ҳам севгисига етишолмаслиги мумкин. Шунингдек, Сичёв режиссёрнинг америкалик бўла туриб рус йигити ҳақида фильм олгани ҳам кинонинг камчилиги эканини урғулади.
“У рус маданиятига сингиб кетгани даргумон. Яхшиямки, улар [фильм қаҳрамонлари] ҳар икки дақиқада Пушкин ёки Достоевскийдан иқтибос келтирмайдилар – унда бундан ҳам ёмони бўларди”, дейди танқидчи.
Ваҳоланки, фильмда асосий эътибор йигитга эмас, қизга қаратилади. У эса ўзбек. Бунинг устига интим ҳаёт вакиласи сифатида талқин қилинмоқда. Хўш, ушбу фильмдан ўзбек кинотанқидчилари ҳам хабар топдимикан? Ўзбек қизининг бундай талқин этилиши ва бутун дунё киноэкранларида миллионлаб томошабинларга шундай тақдим этилишига маданият ва кинематография вакиллари қандай муносабат билдиради?
Ҳар ҳолда ўзбек қизи ҳақида доим ҳам фильм суратга олиниб, Каннда намойиш этилмайди, “Пальма япроғи” билан тақдирланмайди. Ушбу фильмдан сўнг қолган таассурот бутун дунё томошабинларида ўзбек қизининг стереотипи сифатида шаклланиб қолмасмикан, деган савол ўйлантиради.
LiveБарчаси