Тошкентда мингдан ортиқ фоҳиша ушланди
3-саҳифа
−
06 Апрель
45892Тошкентда сўнгги уч ойда мингдан ортиқ фоҳиша қўлга олинди. Бу ҳақда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, жамиятдаги салбий иллатлардан бири бўлган фоҳишахона сақлаш ва интим хизматлар билан шуғулланиш ҳолатларига қарши курашиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан кучайтирилган тезкор-профилактик тадбирлар олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг уч ойи давомида Тошкент шаҳрида фоҳишалик билан шуғулланган 1 068 нафар шахслар аниқланган бўлиб, маъмурий тартибда жавобгарликка тортилган. Ўрганишлар жараёнида жиноятчиларнинг 92,8 фоизи (992 нафар) вилоятлардан келиб, бу турдаги ҳуқуқбузарликни содир этгани маълум бўлган.
Бундан ташқари, жорий йилнинг уч ойи давомида қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш билан боғлиқ 209 та ҳолат аниқланган ва жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.
"Ҳурматли фуқаролар, агар сиз пойтахтимизда фоҳишалик билан шуғулланаётган шахслар ҳақида ёки фоҳишахона сақлаш ҳолатлари юзасидан маълумотга эга бўлсангиз 102 рақами орқали мурожаат қилишингизни сўраймиз", дейилади хабарда.
Маълумот учун, фоҳишалик билан шуғулланиш Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 190-моддасига кўра маъмурий ҳуқуқбузарлик деб баҳоланади ва базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа сабаб бўлади.
Шунингдек, қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш Ўзбекистон Республикасининг 131-моддасига асосан жиноят сифатида малакаланади ва саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухородаги туғуруқхонада фоҳишахона ташкил этган аёл қўлга олинган эди.