Ўзбекистонлик дзюдочи Элбек Абдуллаев 4 йилга дисквалификация қилинди

Спорт

image

Дзюдо бўйича 2021 йил декабрь ойида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида 2-ўринни қўлга киритган спортчи Элбек Абдуллаев 4 йилга дисквалификация қилинди. Бу ҳақда Миллий антидопинг агентлиги маълум қилди.

Агентлик баёнотида айтилишича, Элбек Абдуллаевдан мусобақа даврида допинг-синама олинган. Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси +100 кг вазндаги спортчи топширган допинг-синамасида тақиқланган моддалар борлиги аниқланган.

Терма жамоа аъзоси ҳисобланган спортчидан Бутунжаҳон антидопинг агентлиги томонидан тақиқланган рўйхатга киритилган бир эмас 4 та: Тестостерон, Анастрозол, Болденон ва Оксандролон моддалари аниқланган. Ушбу моддалар, экзоген (ташқаридан организмга киритилган) Анаболик андроген стероидлар ҳисобланади.

Қайд этилишича, спортчи Бутунжаҳон антидопинг кодекси ва Ўзбекистон Миллий антидопинг қоидаларининг 2.1-моддасида кўрсатилган антидопинг қоидабузарлигини содир этган.

Шундай қилиб, Элбек Абдуллаев 2022 йил 3 март куни Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги ҳузуридаги Ахлоқ бўйича комиссиясининг қарорига кўра 4 йил муддатга дисквалификация қилинди. Дисквалификация даври  2022 йил 3 мартдан 2026 йил 2 мартга қадар этиб белгиланди.

Элбек Абдуллаев дисквалификация даври  тугаганга қадар Бутунжаҳон антидопинг кодекси ва Ўзбекистон Миллий антидопинг қоидаларининг 2.1-моддасига асосан, терма жамоа таркибида халқаро ва миллий тоифадаги мусобақалар ва ўқув-машғулот йиғинларидан четлаштирилади.


Мақола муаллифи

Теглар

допинг

Баҳолаганлар

258

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг