Ўзбекистонлик бизнесмен ЕИнинг “қора рўйхат”ига тушди
Жамият
−
20 Ноябрь 11360 2 дақиқа
Ўзбекистонлик тадбиркор Рустам Мўминов Европа Иттифоқининг 19-санкциялар пакетидан жой олди. Бу ҳақдаги маълумот ЕИ томонидан эълон қилинган рўйхатда кўрсатиб ўтилган.
Европа Иттифоқи маълумотларига кўра, Мўминов ҳали ҳам Фарғона кимё заводини назорат қилади. ЕИ баёнотида қайд этишича, бу завод Россия кучларига қурол ишлаб чиқариш учун Пермь ва Қозон порох заводларига пахта целлюлозасини етказиб берган.
“Рустам Мўминов Ўзбекистонда жойлашган Фарғона кимё заводини назорат қилади. Фарғона кимё заводи Пермь порох заводи ва Қозон давлат порох заводига пахта целлюлозасини етказиб берган. Бу корхоналардан Россия Қуролли кучлари қурол олган. Шунинг учун Рустам Мўминов Россия ҳарбий-саноат комплексини қўллаб-қувватлайди”, дейилади ҳужжатда.
Ҳужжатда, шунингдек, Рустам Мўминов 1965 йилда туғилгани ва Ўзбекистон, Россия ва Буюк Британия фуқаролигига эга экани айтилган.
Маълумот учун, Фарғона кимё заводи 2012 йил 3 августда рўйхатдан ўтган. У қоғоз пульпа ва целлюлоза ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Унинг устав капитали 51,1 миллиард сўмни (тахминан 4 миллион доллар) ташкил этади. Унинг асосчиси Mercury Renaissance, директори эса Сергей Назирович Сабировдир.
Тошкентнинг Яккасарой туманида жойлашган масъулияти чекланган жамият Mercury Renaissance 2016 йил 11 апрелда рўйхатдан ўтган. Расмий ҳужжатларга кўра, шу йилнинг май ойида Рустам Раҳимжонович Мўминов Mercury Renaissance компаниясининг 60 фоизига эгалик қилган.
Қайд этиш жоиз, май ойида Украина учта ўзбек компаниясига қарши санкциялар жорий қилди, уларни Россия ҳарбий-саноат комплексига икки мақсадли маҳсулотлар етказиб беришда гумон қилди. Улар орасида Хомашё целлюлоза, Mercury Renaissance ва Фарғона кимё заводи бор эди. Украина, шунингдек, Рустам Мўминовга қарши шахсий санкцияларни жорий қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқи Украинага қарши Россиянинг тажовузкор уруши сабабли унга қарши навбатдаги – 20-санкциялар пакетини ишлаб чиқишга киришгани ҳақида хабар берилганди.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь