Ўзбекистонлик биринчи космонавт умумхалқ очиқ танловида аниқланади
Жамият
−
15:18 2168 2 дақиқа
Ўзбекистон Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги (Ўзбеккосмос) мамлакат мустақиллиги тарихида илк бор коинотга парвоз қилиш учун номзодларни умумхалқ очиқ танлов асосида саралашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Ўзбеккосмос” директор ўринбосари Муҳиддин Ибрагимов “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, жорий йилнинг 16 февраль куни ўтказилган йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев фазога космонавт юбориш масалалари бўйича махсус комиссия тузишни топширган. Ушбу комиссия номзодларни танлаш, уларни тайёрлаш ҳамда парвозни ташкил этиш билан шуғулланади.
Космонавтликка номзодларга қўйиладиган талаблар юқори бўлади. Ибрагимовнинг таъкидлашича, улар соғлиқ ҳолати, физиологик кўрсаткичлар, илмий даражаси ва хорижий тилларни билиш каби мезонларни ўз ичига олади.
Биринчи ўзбек космонавти 10-14 кунлик қисқа муддатли парвозга тайёрланади. Парвоз аниқ илмий дастур доирасида амалга оширилади:
- тиббиёт ва биология (масофавий диагностика, маҳаллий доривор экстрактлар самарадорлигини ўрганиш);
- ўсимликлар генетикаси (қурғоқчилик ва шўрга чидамли навларни синовдан ўтказиш, ёпиқ агро-биотизимларни моделлаштириш);
- материалшунослик (материаллар, матолар ва толаларнинг иссиқликни тўплаш ва чиқариш хусусиятларини синаш).
Биринчи ўзбек космонавтини тайёрлаш жараёни қанча давом этиши ҳозирча аниқлаштирилмаган.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда ўзининг илмий сунъий йўлдошини яратиш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Уни 2028 йилда учириш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон 2028 йилда “Мирзо Улуғбек” номли 6U форматдаги илмий сунъий йўлдошни учириши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси