Ўзбекистонлик ҳарбийлар Беларусдаги парадда қатнашади

Жамият

image

Ўзбекистон Қуролли кучлари бўлинмалари Беларусь Республикасининг мустақиллигига 33 йил тўлиши муносабати билан ташкил этиладиган ҳарбий парадда иштирок этади. Бу ҳақда Беларусь Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди. 

Қайд этилишича, халқаро делегациялар ва 21 давлат вакиллари Беларусь Мустақиллик кунини нишонлашда иштирок этишини тасдиқлаган. 

“Халқаро делегациялар ва 21 давлат вакиллари аллақачон Беларусь Республикаси Мустақиллик кунини нишонлашда иштирок этишларини тасдиқладилар. Беларусь ҳарбийлари билан биргаликда 3 июль куни Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Хитойнинг пиёда парад бўлинмалари Беларусь пойтахти кўчалари бўйлаб юришади”, дейилади хабарда. 

Аввалроқ Беларусь Мудофаа вазирлиги парадда қатнашадиган Россия Қуролли кучларининг ҳарбий хизматчилари ва ҳарбий техникаси республикага келганини маълум қилганди. Жумладан, парадда ҳарбий техника колоннасини бошқарадиган иккинчи жаҳон урушида фойдаланилган Т-34 русумли 10 та танк, шунингдек, Мста-Б гаубицалари ва Сани миномётлари бўлган поезд аллақачон республикага етиб келди. 

Мустақиллик куни ва Беларусь фашист босқинчиларидан озод қилинганининг 80 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган парадга 6 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчи ва 250 га яқин ҳарбий техника жалб этилиши режалаштирилган. Параднинг ҳаво қисмида Россия авиацияси иштирок этиши кутилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон-Беларусь

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг