Ўзбекистонга шу пайтгача ишонч бўлмагани учун қарз ажратилмаган – Қодиров
Жамият
−
07 Апрель 2021
8820Бизнинг бугун чўнтагимизда бор пулимиз хоҳишларимизни қаноатлантирадиган даражадаги пул эмас. Ҳаммамиз яхши яшашни хоҳлаймиз, ўзимизни пулимиз билан эса яна 100 йилда бунга эришишимиз мумкин. Шунда ҳам натижани ҳеч ким кафолатламайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари – “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров QALAMPIR.UZ раҳбари Қамариддин Шайхов билан мулоқотда маълум қилди.
Ўзбекистон Республикаси умумий ташқи қарзининг ҳажми 2020 йил бошига нисбатан 37,4 фоизга ёки 9,2 млрд. долларга ошган ҳолда, 2021 йил 1 январь ҳолатига 33,8 млрд. долларни ташкил қилди. Қарз ва унинг ЯИМдан бир неча баравар ортиб кетаётгани эса кўпчиликда қўрқувни уйғотмоқда. Қодировга кўра, ҳатто, Япониянинг ташқи қарзи ҳам ЯИМга нисбатан уч баравар кўп.
“Бугунги иқтисодиёт жуда тез суратлар билан ривожланяптики, иқтисодиётингиз яратадиган ресурслар ва улардан олинадиган ҳосил билан бозорга чиқиб даромад кўролмайсиз”, дейди Қодиров.
2020 йилда давлат ташқи қарзининг соф ўсиши, курслар ва нархлар ўзгаришини инобатга олганда, 5,5 млрд долларни ташкил қилган. Бу ўсиш асосан янги қарздорликларнинг жалб қилиниши ва давлат қимматли қоғозларининг чиқарилиши билан изоҳланади. Хусусий қарздорлик 3,7 млрд долларга ошиб, асосан банклар ҳиссасига тўғри келади.
“Ривожланган мамлакатлар бугунги мавқеига қандай келди? Япониянинг қарзи ЯИМга нисбатан уч баравар кўп. Дунёнинг энг ривожланган мамлакати АҚШнинг қарзи ҳам ЯИМ билан тенг, ҳатто, ундан юқорироқ ҳам. Биз бугунги қарзни классик маънодаги қарз, деб баҳоламаслигимиз керак. Бугунги жамиятда қарзга нисбатан айнан шундай ёндашувни кўряпмиз”, дейди Олий Мажлис спикерининг ўринбосари.
Охирги 4 йилда Ўзбекистоннинг қарзи ошиб кетгани айни вақтда жамоатчилик орасида кескин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Қодиров эса буни изоҳларкан, аввал Ўзбекистонга қарз бериш учун ишонч бўлмаганини айтади.
“Қарз – ривожланишимиз учун ресурс. Масалан, танангизда қувватингизни оширишни истайсиз ва бунинг учун витаминлар истеъмол қиласиз. Унга худди шундай қараш керак. Қарз бугун мамлакатнинг жадал суратлар билан ривожланиши учун муҳим ва зарур. Уни бериш эса бошқа масала. Ўзбекистонга шу пайтгача ишонч бўлмагани учун қарз ажратилмаган. Ва Ўзбекистон бошқарувида ёндашувдаги муаммо бўлгани учун қарз сўраб мурожаат ҳам қилинмаган. Бугунги кундаги Ўзбекистоннинг эса ташқи дунёда ўз рейтинги ва репутацияси бор ва бу мавқе йирик халқаро молия ташкилотларига ишонч ва хотиржамлик билан пул ажратиш имкониятини беряпти”, дейди Қодиров.
Қодировнинг қайд этишича, бугунги кунда давлат томонидан олинаётган қарзларнинг ҳар бир сўми катта масъулият билан назорат қилиб борилмоқда. Шу боис депутатлар Давлат бюджетини тасдиқлашда уни жиддий ўрганиб чиқади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари – “Миллий тикланиш” демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров билан эксклюзив интервьюнинг тўлиқ шаклини юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ'нинг YouTube'даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси