Ўзбекистонга Leapmotor импорти тақиқланди. Бунинг сабаби нима?
Жамият
−
02 Апрель
8976Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонга Хитойнинг Leapmotor автомобилларини импорт қилиш тақиқлангани ҳақидаги хабарлар тарқалди ва кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Мазкур хабарлар юзасидан Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси муносабат билдирди.
Қайд этилишича, яқинда лабораторияда Хитойнинг Leapmotor компаниясига тегишли C16 русумли автомобиль синовдан ўтказилган.
“Натижалар шуни кўрсатдики, ушбу автомобиль халқаро стандартларга, хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан белгиланган хавфсизлик талабларига жавоб бермайди. (белгиланган меъёрдан 16 баравар кўп)”, дейилади муносабатда.
Билдирилишича, “Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” давлат муассасасининг синов лабораторияси томонидан жорий йилнинг 10 март куни SB-0309-388/25-сонли синов баённомасига асосан “устуворлик ва ташқи электромагнит нурланишга бардошлилик (кенг полосали электромагнит шовқинлар)” талабларига номувофиқлик ҳолати аниқланган.
“Электромагнит мослашувчанлик (EMS) – электрон қурилмалар ва тизимлар ўртасида электромагнит майдонлар таъсирини минималлаштириш учун ўтказиладиган муҳим синов. Бундай синовлар транспорт воситалари учун ҳам зарур, чунки электромагнит майдонларнинг автомобиль электрон тизимларига таъсири хавфсизликка жиддий таъсир қилиши мумкин. Бундан ташқари, электромагнит нурланишнинг инсон саломатлигига таъсири ҳам муҳим масала ҳисобланади. Тадқиқотларга кўра, юқори даражадаги электромагнит майдонлар организмга салбий таъсир кўрсатиши, жумладан, асаб тизими, юрак-қон томир тизими ва ҳатто саратон касалликлари хавфини ошириши мумкин. Шу сабабли, автомобиль танлашда халқаро талаб ва стандартларга жавоб берадиган маҳсулотларни афзал кўришни ҳамда автомобиль танлашда хавфсизлик меъёрларига риоя қилган ҳолда расмий диллерларга мурожаат қилишингизни сўралади”, дейилади муносабатда.
Билдирилишича, Ўзбекистонда электромагнит мослашувчанлик (ЭМС) синовлари Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати марказининг Пискент туманида жойлашган махсус лабораториясида ўтказилади. Ушбу лаборатория халқаро Ўз DSt ISO/IEC 17025:2019 стандартига мувофиқ аккредитация қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг “Электродвигателига эга бўлган транспорт воситалари аккумулятор батареяларини утилизация қилиш инфратузилмасини ташкил этиш ишларини молиялаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан четдан олиб кириладиган электромобилларга утилизация нархи ошиши белгиланганди. Қарорга кўра, 2025 йил 1 майдан бошлаб импорт қилинадиган электромобиллар учун утилизация йиғими транспорт воситаси ишлаб чиқарилган йилига қараб 45 млн сўмдан 78,5 млн сўмгача бўлади. Шу вақтгача ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошмаган электромобилларни олиб кирган тадбиркор утилизация йиғими учун БҲМнинг 30 баравари миқдорида 11 млн 250 минг сўм пул тўлаган бўлса, энди БҲМнинг 120 баравари 45 млн сўм пул тўлайди. Ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошган электромобиллар учун аввалги тўлов суммаси БҲМнинг 90 баравари 33 млн 750 минг сўм бўлган бўлса, энди БҲМнинг 210 баравари 78 млн 750 минг сўмга ошган.
LiveБарчаси