Хитой Россия ҳарбийларини яширин тарзда тайёрлаган – ОАВ

Олам

image

Хитой 2025 йил охирида яширин равишда қарийб 200 нафар россиялик ҳарбийни ўз ҳудудида тайёрлаган. Уларнинг айримлари кейинчалик Украинадаги жанговар ҳаракатларга қайтган. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Россия–Хитой ўртасидаги икки тилли келишув ҳужжатида айтилишича, 2025 йил 2 июль куни Пекинда имзоланган битимга мувофиқ, россиялик ҳарбийлар Пекин ва Нанкин шаҳарларидаги ҳарбий базаларда тайёргарликдан ўтган. Шунингдек, ҳужжатда юзлаб хитойлик ҳарбийларнинг ҳам Россиядаги базаларда тайёрланиши кўзда тутилгани қайд этилган. Разведка манбаларига кўра, россиялик ҳарбийлар дронлар, электрон уруш, армия авиацияси ва зирҳли пиёда бўлинмалари йўналишларида тайёрланган. Келишув шартларига биноан, ушбу машғулотлар ҳақида оммавий ахборот воситаларида ёритиш тақиқланган ва учинчи томонларга маълумот бермаслик керак бўлган.

Европа разведкаси вакилларидан бирининг айтишича, Хитой россиялик ҳарбийларни тайёрлаётгани Пекиннинг Украинадаги урушга аввал ўйланганидан кўра кўпроқ аралашаётганини кўрсатади. Россия ва Хитой Мудофаа вазирликлари мазкур маълумотларга изоҳ бермаган.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида Пекин Украина можароси юзасидан “объектив ва холис позиция”ни сақлаб келаётганини ҳамда тинчлик музокараларини қўллаб-қувватлашини билдирган.

Маълум қилинишича, хитойлик ҳарбийларнинг Россияга тайёргарлик учун юборилиши камида 2024 йилдан бери давом этмоқда. Бироқ россиялик ҳарбийларнинг Хитой ҳудудида тайёрлангани ҳақидаги маълумот илк бор пайдо бўлмоқда.

Ички ҳарбий ҳисоботларда россиялик ҳарбийлар учун ўтказилган тўртта машғулот тафсилотлари ҳам келтирилган. Улардан бири Шицзячжуан шаҳридаги академияда бўлиб ўтган бўлиб, унда 82 миллиметрлик миномётлардан ўқ узиш ва дронлар ёрдамида нишонларни аниқлаш машқ қилинган. Яна бир машғулотда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, электрон кураш воситалари, дронларга қарши тўр улоқтирувчи қурилмалар ҳамда FPV дронлардан фойдаланиш бўйича тайёргарлик ўтказилган.

Тайёргарликдан ўтган россиялик ҳарбийларнинг айримлари кейинчалик Қрим ва Запорожье ҳудудларидаги жанговар операцияларда қатнашган бўлиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Хитой ҳарбийлар Келишув

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг