Ўзбекистонга бир йилда тонналаб қора дори “оқиб кирган”
Жамият
−
17:45
3449Сўнгги 5 йилда Ўзбекистонда наркожиноятлар сони қарийб 2 бараварга, ноқонуний муомаладан олинган гиёҳвандлик воситалари мусодараси 8,5 бараварга, синтетик гиёҳвандлик воситалари мусодараси эса 400 бараварга кўпайган. Бу эса Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Наркотиклар ва жиноятчилик бошқармасини Ўзбекистонга етаклади.
Тошкентда БМТнинг мазкур бошқармаси, Президент Администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни Назорат қилиш Миллий Маркази иштирокида мазкур мавзунинг муҳокамаси бўлиб ўтди.
“Жорий йилда биргина божхона органлари томонидан тўхтатиб қолинган гиёҳвандлик воситаларининг миқдори 1 тоннага яқинлашмоқда, яъни 974 килограммдан ошди. Вазият хавотирли, айниқса, Афғонистондаги вазиятни кўриб турибмиз. Пандемиядан кейин эса яна бир вазият авж олмоқда — бу анъанавий гиёҳвандлик воситалари билан синтетик гиёҳвандлик воситалари ўртасидаги ким ўзар ҳолати. Синтетик гиёҳвандлик воситалари энг фожиали, бемалол аҳолини хатарга соладиган даражада. Огоҳлантириш керакки, синтетик гиёҳвандлик воситасининг бир неча юз грамми анъанавий наркотик моддаларнинг бир неча юз килограмми билан тенглаша олади.
Энг кўп аниқланаётган ҳолатларга эътибор қаратадиган бўлсак, албатта, Афғонистон билан чегара орқали Ўзбекистонга кўп гиёҳвандлик воситалари кириб келади”, деди Божхона қўмитаси матбуот котиби Ҳусан Тангриев.
Афғонистон ҳақида гап кетар экан, унинг ўзида наркологик вазият қандайлиги қизиқ. Дунё кўз олдида аллақачон “гиёҳвандлик воситалари маркази” деган таассурот қолдирган мамлакат бу қора таҳликадан қутила оляптими?
Тошкентдаги тадбирда Афғонистондаги вазият бўйича ҳам баёнот эълон қилинди.
“Ҳозир Афғонистонда бошқа тирикчилик усуллари қидирилмоқда. Шунга қарамай, мамлакатда гиёҳвандлик воситаларини экиш маълум миқдорда ошяпти ва ҳаттоки қўшни мамлакатларга, Афғонистон билан чегарадош давлатлар ичига ҳам кириб боряпти. Таҳлилларимиз шуни кўрсатмоқдаки, авваллари бундай экин майдонлари кўпроқ жанубий ҳудудларда учраган бўлса, яқинда улар шимолий ҳудудларга кўчган. Масалан, деярли тўққиз фоиз экинлар Бадахшон вилоятида етиштирилмоқда. Ўрта Осиё ва бошқа ҳудудларда кўкнорни етказиб беришнинг ноқонуний савдоси кузатиляпти, уларга қўйилаётган тақиқнинг эса самараси бўлмаяпти. Асосан мусодара қилинаётган гиёҳвандлик воситалари Афғонистондан келган”, деди БМТнинг Наркотиклар бошқармасининг Тошкент шаҳридаги маркази раҳбари Саломе Флорес Серра .
БМТ маълумотларига кўра, бугунги кунда дунё бўйлаб 300 миллион киши гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилмоқда. Одам савдоси қурбонлари сони эса бир йилда 5 миллион кишидан ошяпти. Бу эса кўплаб мамлакатлар қатори Ўзбекистонни ҳам ташвишга солмоқда.
“Биргина жорий йилни ўтган даври мобайнида анъанавий наркотиклардан 66 килограмм опий, шунингдек, 8,2 килограмм кокаин, 9,5 килограмм кўкнори, 48 килограммдан зиёд героин аниқланяпти. Шунингдек, 221-222 килограммга яқин гашиш аниқламоқда.
Энди синтетик гиёҳвандлик воситалари ҳақида тўхталиб ўтсам. Буни ҳам қайси турлари кўпроқ кириб келмоқда, деган саволга қарайдиган бўлсак, энг кўп “алфа-пвп”, “амфетамин”, “метафитамин” ҳамда “мефедрон” каби синтетик гиёҳвандлик воситаларини олиб ўтишга уринишда кўпроқ кўзга ташланяпти.
Аслида бу долзарблиги бундан ҳам қолишмайди. Бу кучли таъсир қилувчи моддалар, масалан, “трамадол”, “зоплилон” каби дори воситаларини ноқонуний олиб ўтишга бўлган уринишлар кўпроқ кўзга ташланяпти. Агар рақамларга тўхталадиган бўлсак, жорий йилда салкам беш юз минг дона психоактив кучли таъсир қилувчи моддалар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тўхтатиб қолинган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан бир ярим баробарга ошганини кўрсатади”, деди Тангриев.
Мутахассисларнинг айтишича, бутун дунёда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам синтетик гиёҳвандлик воситаларининг истеъмоли "ёшармоқда". Яъни, бундай гиёҳвандлик воситаларини асосан мактаб ўқувчилари, болалар истеъмол қилмоқда. Бундай синтетик гиёҳвандлик воситалари турлари йилдан-йилга, кундан-кунга кўпайиб бораётгани, уларни аниқлаш ва топиш эса мураккаблашиб бораётгани сабабли ҳам масъуллар, керак бўлса ота-оналар ўз болаларини ўзлари назорат қилишлари кераклигини айтмоқда.
"Энг ачинарли ҳолатлардан яна биттаси шундаки, наркотикларнинг янги турларини ҳидини ёки кўринишини билиб бўлмайди ва янги турдаги наркотикларни истеъмол қилишда илгарига классик наркотиклар каби “ломка” ҳолатлари, оғриқ ҳолатлари йўқлиги ва буни ота-оналар назаридан бироз четда қолиб кетиши мумкин. Шунингдек, бу дорилар истеъмолидан кейин ёшларимизда озгина куч-ғайратга тўлиш ҳолатлари бўлаётганлиги сабабли ёшлар назорати бироз сустлашган.
Бундан ташқари, яна бир тарқалиш ҳолатларидан бири бу, буни тан олишимиз керак, хоҳлаймизми йўқ, буни гапирмасак бўлмайди: ёшларимизнинг гаджетларга, телефонларга берилганлиги ва ҳозирги кунда айнан наркотикларнинг қўлдан қўлга сотилиши интернет маконида, ижтимоий тармоқлар орқали тарқалаётганлиги кўп бўлмоқда. Интернет макондаги рекламалар ҳам ёшларни бу каби ҳолатларга кириб кетишига сабаб бўлмоқда. Кўп ҳолатларда эса дўстлардан эшитишлар ёки мактабларда ёши катталар томонидан алдовлар орқали ушбу дорилар таклиф этилиши мумкин.Баъзи бир мактабларда ёши катталар келиб, “Агар яхши ўқишни истасанг, мана шу нарсани истеъмол қилиб кўр”, ёки “Математикани, теоремаларни тез ўрганишни истасанг, мана шу дори сенга ёрдам беради”, деган каби алдовлар бор. Ушбу алдовлар сабабли ёшлар билмай истеъмол қилиб қўйяпти ва энг ачинарли ҳолати шундаки, синтетик наркотиклар ва кучли таъсир этувчи дори воситалари биринчи истеъмолдан тобелик уйғотмоқда ва улар унга боғланиб қолмоқда. Уни чиқариб ташлаш, “бўлди, бошқа истеъмол қилмайман”, дейиш жуда ҳам қийин бўляпти”, деди Президент Администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази бўлим бошлиғи Шуҳратжон Ғуломов.
Гиёҳвандлик воситаларини етиштириш ва уларнинг савдоси ҳақида гап кетар экан, Самарқанд вилоятининг Ургут туманини эсламаслик мумкин эмас. Шу мавзудаги ҳазилларнинг марказида ҳам айнан Ургут тумани туриши ҳеч биримизни ажаблантирмайди. Хўш, Ургут тумани Ўзбекистоннинг гиёҳвандлик марказими?
“Баъзи манбаларда, халқ орасида шундай нақл тарқалган, лекин бу ҳақиқатга яқин эмас. Аммо гап классик наркотиклар ҳақида кетганда, ҳа, Ургут ҳақиқатдан ҳам ўзимизда етиштирилган ёки Афғонистондан ўтадиган наркотиклар савдоси бироз юқори бўлган ҳудуддир. Бунга сабаб асосан унинг чегара ҳудуди бўлгани ва ўша ердан кўп наркотик транзит қилингани билан боғлиқдир. Шу каби ҳолатлар сабабли наркотик моддалар ўша ҳудудда кенг тарқалган”, дея тушунтирди Ғуломов.
LiveБарчаси