Жаҳон ҳамжамияти Афғонистондан келиб чиқадиган таҳдидларни баҳолай олмаяпти – Мирзиёев
Жамият
−
04 Апрель
7773Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев жаҳон ҳамжамияти Афғонистон ҳудудидан келиб чиқадиган барча таҳдидларни етарлича баҳолай олмаётганини айтди. Бу ҳақда у бугун, 4 апрель куни “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммитида сўз очди.
“Афғонистонни тинч ривожлантириш масалаларида сиёсий маслаҳатлашувларни давом эттиришга тайёрмиз. Минг афсуски, жаҳон ҳамжамияти ушбу мамлакат ҳудудидан келиб чиқадиган барча таҳдидларни етарлича баҳолай олмаяпти”, деди Президент.
Мирзиёевнинг айтишича, афғон томонини минтақавий иқтисодий жараёнларга, жумладан, инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, ижтимоий соҳани қайта тиклаш йўли билан фаол жалб этиш зарур.
“Қабул қилинган мажбуриятларни бажариш учун халқаро ҳамжамиятнинг амалдаги афғон ҳукумати билан конструктив мулоқот ўрнатиш муҳимлигини тушуниши ва қўллаб-қувватлашига умид қиламиз”, деди Ўзбекистон етакчиси.
Шунингдек, у хавфсизликка нисбатан умумий таҳдидлар, хусусан, терроризм, экстремизм, радикализм, кибержиноятчилик, наркотрафик ва ноқонуний миграцияга қарши курашишда ҳамкорлик тобора долзарб бўлиб бораётганини таъкидлади.
“Европалик шерикларимизнинг терроризмга қарши курашиш масалалари бўйича мулоқотни йўлга қўйиш ҳақидаги таклифини қўллаб-қувватлаймиз. “BOMCA” ва “CADAP” дастурлари доирасида ўзаро амалий ҳамкорликни кенгайтириш муҳим, деб ҳисоблаймиз”, деди у.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Шавкат Мирзиёев “Euronews”га берган интервьюсида Ўзбекистоннинг Афғонистонга нисбатан ёндашуви ҳар доим прагматик ва узоқ муддатли стратегик тамойилларга асосланиб келганини айтганди.
LiveБарчаси